Алтун: "Исроил Гаага, Женева конвенциялари ва бошқа халқаро инсонийлик мезонларини бузиб келмоқда"

Алтун: "Исроил Гаага, Женева конвенциялари ва бошқа халқаро инсонийлик мезонларини бузиб келмоқда"

Туркия Республикаси Коммуникация Бошқармаси бошлиғи Фахретдин Алтун Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти (ИҲТ) ахборот вазирларининг навбатдан ташқари йиғилишида нутқ сўзлади. У ИҲТ барпо этилишининг асоси мусулмонларнинг Фаластин синовидан муносиб ўтиш ҳақидаги ғамхўрлигида эканлигини таъкидлади.

“Президентимиз жаноб Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг «Дунё бешдан катта» ва «Янада адолатли дунё бўлиши мумкин» деган тушунча ва тамойили халқаро тизимда қайта кўриб чиқиш заруратининг энг ихчам ифодасидир. Исроил Ғарб, мустамлакачи ва империал менталитетнинг Яқин Шарқдаги амалдаги давоми сифатида минтақамизда ваҳшийлик, инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузиш ва қирғинларни амалга оширди. Бу фаолият ва қонунбузарликлар билан Исроил халқаро ҳуқуқ ва урф-одатларга зид равишда ерларни мажбуран эгаллаб олиш, этник тозалаш ва тинч аҳолини қасддан ўлдириш каби кенг кўламли ҳарбий жиноятларни содир этган ва афсуски қилишда давом этмоқда", дея таъкидлади Алтун.

У бу жараёнлар 7 октябрдан бери яққол кузатилаётганлигини қайд этди. Исроил шу пайтга қадар:

— Тез ёрдам машиналари ва касалхоналарни бомбардимон қилиш орқали Рим статутининг 8-моддасида уруш жинояти сифатида белгиланган «соғлиқни сақлаш ва транспорт бўлинмаларига қасддан ҳужум қилиш» жиноятини содир этди.

— Тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмасини бомбардимон қилиш билан Гаага конвенциясининг 25-моддасини бузди.

— Диний маконлар, ибодатхоналар ва меъморий иншоотларни бомбардимон қилиш орқали Исроил яна Гаага конвенциясининг 4-моддасини бузди.

— Халқаро гуманитар ҳуқуқ нормаларида фуқароларнинг сув, озиқ-овқат ва дори-дармон каби асосий эҳтиёжларидан фойдаланиши таъминланиши/тўсиб қўйилмаслиги кераклиги таъкидланади.

«Исроил Ғазога озиқ-овқат, электр ва ёқилғи оқимини тўхтатиб, минтақага инсонпарварлик ёрдамини тўсиб қўйиб, 4-сонли Женева конвенциясининг 23-моддасини бузди, — дейди Алтун. — Бу ҳам Рим статутининг 7-моддасига киритилган, ҳам "инсониятга қарши жиноятлар" бўлимидаги жиноятлардан биридир».

Алтун ўз нутқида Исроил Рим статутининг 8-моддасида уруш жиноятлари қаторига киритилган фосфор бомбалари каби турли келишувлар билан тақиқланган баъзи қуроллардан фойдаланганини, бу ҳужумларда Исроил Ғазода 30 мингга яқин бегуноҳ инсонни қирғин қилган ҳолда уруш жиноятлари билан инсониятга қарши очиқ жиноят қилаётганини қўшимча қилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!