Туркия матбуоти Элдор Шомуродовни эътироф этмоқда
Туркиянинг "Истанбул Башакшеҳир" жамоасига кўчиб ўтган Элдор Шомуродов айни пайтда клубнинг етакчи футболчисига айланиб улгурди. Машҳур Fotomaç нашри ўзбекистонлик ҳужумчининг жорий мавсумдаги ўйинларини юқори баҳолади.
“Башакшеҳир” сафида 2025/26 йилги мавсумнинг 16-турига келиб Элдор Шомуродов ўзининг ёрқин ўйини билан жамоанинг энг муҳим ҳужум қуролига айланди. У жорий мавсум барча мусобақалар доирасида 22 та учрашувда майдонга тушиб, 11 та гол уриб, натижага бевосита ҳисса қўшди.
Шомуродов Туркия Суперлигаси доирасида ўтказилган 16 та ўйинда 11 та гол киритиб, “Трабзонспор” футболчиси Пол Онуачу билан бирга тўпурарлар пойгасида етакчилик қилмоқда. Тажрибали ҳужумчининг ҳисобида, шунингдек, чемпионатда 2 та ассист, УЕФА Конференциялар лигасида эса яна 1 та голли узатма мавжуд.
Айни пайтда чемпионатда 20 очко билан 8-ўринда бораётган “Башакшеҳир” Элдор гол урган учрашувларда ҳужумда анча самарали ўйин намойиш этмоқда. Жарима майдонидаги якунловчи зарбалари, жисмоний кучи ҳамда ҳимояга қайтиб ҳаракат қилиши билан у рақиб ҳимояси учун жиддий таҳдидга айланмоқда. Ўзбекистонлик чарм тўп устаси жамоанинг ҳужум режаларида асосий фигура ҳисобланади.
Клубнинг тўпурарлар пойгасида доимий равишда етакчи ҳужумчиларни етиштириб чиқара олиши ҳам эътиборга лойиқ. Ўтган мавсумда поляк ҳужумчиси Кшиштоф Пёнтек узоқ вақт тўпурарлар пойгасида етакчилар сафида бўлиб, жамоанинг асосий фигураларидан бирига айланган эди. Жорий мавсумда эса бу эстафетани Элдор Шомуродов давом эттирмоқда.
Сўнгги йилларда самарали марказий ҳужумчилари билан ажралиб турган “Башакшеҳир” учун Шомуродовнинг ҳозирги формада ўйнаши мавсумнинг қолган қисмида ҳам юқори натижалар қайд этилишига катта умид уйғотмоқда", — дейилади хабарда.
