Алишер Қодиров: «Ибодат - диний маросим эмас...»
Ижтимоий тармоқларда «Ишхонасида ишчилари намоз ўқишлари учун хона ажратиб берган раҳбар 21 600 000 сўм миқдорида жаримага тортилди» деган хабарда Тошкентнинг Яккасарой тумани судининг Қушбеги мавзесида жойлашган GTA Showroom корхонаси биносида ишчи ва мижозларга намоз ўқишга шароит яратиб бергани учун 21 млн 600 сўм миқдорида жаримага тортгани акс этган қарор нусхаси тарқалди. Унда қайд этилишича, суд мажлисида ҳуқуқбузар 2021 йил 12 январь куни ўзига тегишли корхона ҳудудида намоз амалларини бажаришга шароитлар яратиб бергани, унинг ёмон нияти бўлмагани, у шунчаки ўз ишчиларига ўз намозларини ўқиши учун шароит яратгани, қилган ишидан пушаймонлигини билдириб, унга нисбатан енгиллик беришни сўраб кўрсатув берган.
Суднинг фикрича, ҳуқуқбузар ўзининг ушбу ҳаракатлари билан МЖтКнинг 201-моддаси 2-қисмида (диний йиғилишлар, кўча юришлари ва бошқа диний маросимлар ўтказиш қоидаларини бузиш) кўрсатилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир қилган.
Бу хабарга Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, “Миллий тикланиш" ДП МК раиси Алишер Қодиров шундай муносабат билдирди:
“Ибодат - диний маросим эмас, у эътиқоднинг ўзаги, эркинлиги кафолатланган ҳуқуқдир.
1998 йил, 1 майда қабул қилинган «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 14-моддасида амалга ошириш жойи чекланган амаллар қаторида «диний маросимлар» билан бирга «ибодат» ҳам кўрсатилган эди.
2021 йил, 5 июлда қабул қилинган янги таҳрирдаги «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасида, «Миллий тикланиш» ДП фракциясининг ташаббуси билан, жой бўйича чекловлар белгиланган амаллар қаторидан «ибодат» сўзи олиб ташланган.
Демак, амалдаги қонунда ибодат жойи учун чеклов белгиланмаган. Албатта, ибодат одобига риоя қилиш мажбурияти муҳокама учун мавзу эмас.
Судья ибодат учун шароит яратган Фарҳод Раҳмоновга нисбатан МЖКнинг 201-моддаси иккинчи қисми билан жаримани хато қўлламоқда. Модда ибодат ёки ибодатга шароит яратганлик учун эмас, «диний маросим» ўтказиш талабини бузганлик учун қўлланилади.
Фарҳод Раҳмонов суд қарорини белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.
Қолаверса, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устувор деб ҳисобланаётган мамлакатимизда эътиқод қилувчиларни ибодат амаллари учун, бутун дунёда кенг қўлланилаётган амалиёт сифатида, жамоат жойларида ҳам қулай шароит яратиб берилиши керак”.

