Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрига янги директор тайинланди

Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрига янги директор тайинланди

Рамиз Усмонов Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри директори этиб тайинланди. Бу ҳақда театр маъмурияти хабар берди.

Маълум қилинишича, Давлат академик катта театрининг собиқ директори Маҳмуд Муродов ўз ваколатларини театрнинг янги раҳбарига топширган.

Маҳмуд Муродов қисқа вақт ичида жуда кўп ишларни амалга оширгани қайд этилган.

«Ўтган йиллар мобайнида театр репертуари янги, қизиқарли спектакллар билан тўлдирилди, чет эллик саҳналаштирувчилар таклиф қилинди, халқаро лойиҳалар амалга оширилди, янги узоқ муддатли ҳамкорликлар йўлга қўйилди, ёш кадрлар қўллаб-қувватланди. Театр раҳбари бунинг учун тинимсиз ҳаракат қилди», дейилади хабарда.

Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри директори лавозимига Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов тайинлангани айтилган.

Рамиз Усмонов 1981 йил Жиззах вилояти, Арнасой туманида туғилган. Юнус Ражабий номли мусиқа билим юртини рубоб ихтисослиги бўйича, Ўзбекистон Давлат консерваториясини «академик вокал» ихтисослиги бўйича тамомлаган. 2000 йилда Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри стажёрлик гуруҳига қабул қилинган, 2005 йилдан ҳозирги кунга қадар ДАКТ опера труппаси солисти сифатида ишлаб келган. 2010 йилда юқори даражадаги ютуқлари учун Рамиз Усмоновга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони, 2015 йилда Ўзбекистон халқ артисти унвони берилган.

Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театрининг тарихи 1929 йил, Муҳиддин Қори Ёқубов бошчилигидаги концерт-этнографик ансамбли ихлосмандлари томонидан профессионал театр ташкиллаштирилган санадан бошланади. 1939 йилда мазкур театр Ўзбек давлат опера ва балет театри деб қайта номланади, 1948 йилнинг март ойида эса рус театри билан бирлашиб, Алишер Навоий номидаги Давлат опера ва балет театри номини олади. 1959 йили театрга академик, 1966 йилда эса катта театр мақоми берилди.

Театр биноси XX аср ўрталари меъморий обидаси ҳисобланади. Лойиҳа муаллифи - академик Алексей Шусев. Бино қурилиши 1939 йилда бошланган, аммо 1942 йилда уруш даври қийинчиликлари туфайли тўхтатиб қўйилган. 1944 йилга келиб эса қурилиш ишлари қайта тикланган. 1945 йилнинг ноябрида Кваньтун армиясининг япон асирлари Тошкентга жўнатилган ва улар бино қурилишини тамомлаган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!