8 сотихли ҳовлини сотдик, “база”да эса 16 сотих бўлиб кўриняпти. Шундай бўлиши мумкинми?

8 сотихли ҳовлини сотдик, “база”да эса 16 сотих бўлиб кўриняпти. Шундай бўлиши мумкинми?

— Бобомдан кейин 8 сотихли ҳовли дадамга ўтган. Яқинда шу ҳовлини сотдик. Уйнинг янги эгалари кадастрга боришганда, “база”да ҳовли 16 сотих деб кўрсатилган экан. Шундай бўлиши мумкинми? Сотиб олган одамлар қолган 8 сотихни сўрашяпти, лекин бизни бундан хабаримиз йўқ. Текширтириш учун қаерга мурожаат қилиш мумкин?

Исми сир тутилди.

Саволга фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди судьяси Жасур Мамаюсупов жавоб берди:

— Фуқаролик кодексининг 164-моддасига кўра, мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир.

Сизнинг ҳолатингизда дастлаб якка тартибда уй-жой қуриши учун бобонгизнинг номига 16 сотих ер майдони ажратилган бўлиши мумкин. Бобонгиз ўзининг мулкдорлик ҳуқуқидан фойдаланиб ер майдонини бир қисмини кимгадир сотган ёки бошқача тарзда тасарруф этган бўлиши мумкин. Бир қисмини эса ўзида қолдирган.

Шу тарзда тарафлар ўзаро келишувга кўра амалда ер майдони чегараларини белгилашган. Аммо, юридик ҳужжат бўйича ер майдони бўлинмасдан қолган.

Фуқаролик кодексининг 223-моддасига кўра, улушли мулкдаги мол-мулк иштирокчилар ўртасида уларнинг келишувига мувофиқ тақсимланиши мумкин. Улушли мулк иштирокчиси ўз улушини умумий мол-мулкдан ажратиб беришни талаб қилишга ҳақли.

Улушли мулк иштирокчилари умумий мол-мулкни тақсимлаш ёки улардан бирининг улушини ажратиш усули ва шартлари тўғрисида келишувга эриша олмасалар, улушли мулк иштирокчиси ўз улушини асл ҳолида ажратиб беришни суд орқали талаб қилишга ҳақли.

Шу боисдан янги мулкдор ўзаро келишувга кўра у билан умумий ер мадонида бўлган мулкдор билан ер участкасини бўлиб олиши мумкин.

Агарда томонлар ихтиёрига кўра ер майдонини бўлиш имкони бўлмаса, у ҳолда бундай ҳуқуқ суд тартибида амалга оширилиши мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!