Зарафшонда сувчечак ва гепатит вирусини юқтириш даражаси 2 баробарга ошди

Зарафшонда сувчечак ва гепатит вирусини юқтириш даражаси 2 баробарга ошди

ЗАРАФШОН, Навоий (Turon24) – Навоий вилоятининг Зарафшон шаҳрида сувчечак ва гепатит вирусини юқтириш даражаси ўтган йилгига қараганда 2 баробарга ошган. Бу ҳақда Зарафшон шаҳар давлат санитария эпидимиология маркази маълум қилди.

Зарафшон шаҳрида ўтган йили гепатит билан оғриган беморлар 15 нафарни, сувчечак бўлганлар 88 нафарни ташкил этган. Жорий йилнинг 10 ойида 132 нафар сувчечак, 35 нафар гепатит вирусини юқтирганлар қайт этилган. Касаллик асосан 2-3 ёш оралиғидаги болалар ўртасида кузатилган.

“Ўрганишлар давомида 2-3 ёшдаги болаларнинг аксарият қисми А вакцинаси билан эмланмаганини аниқладик. Иммунитет ҳосил бўлмагани учун болалар гепатитни осонлик билан юқтириб олишмоқда. Зарафшонда 2013 йилда ҳам гепатит вируси билан касалланганларнинг кескин ошиши кузатилган. Ўша йилларда шаҳарда яшаётган оилаларнинг кўпчилиги Навоий кон-металлургия комбинати тизимида фаолият олиб борарди. Комбинат А вакцинаси учун пул ўтказгани боис, оммавий тарзда эмлаш тадбирини ташкил этгандик, – дейди Зарафшон шаҳар ДСНЭМ эпидимиология бўлими бошлиғи Асрор Жабборов. – Жорий йилда эса ота-оналарнинг ўзлари билан учрашиб, эмлаш ўтказиш учун тарғибот ишларини олиб бораяпмиз. А вакцинаси 150 минг сўм туради. Аммо оилаларнинг барчаси ҳам боласини гепатитга қарши эмлатишга ҳаракат қилмаяпти”.

Асрор Жабборовнинг қўшимча қилишича, Зарафшонда юқумли касалликларга аниқ ташхис қўйиш учун етарли имкониятлар мавжуд эмас. Боиси, бу ерда касаллик юзасидан қон таҳлилини тўғри чиқариб берадиган вирусологик лобаратория йўқ. Бундай лобаратория вилоят бўйича Навоий шаҳридагина мавжуд.

“Вирусологик лобараторияга қон бемордан олингандан сўнг икки соат оралиғида келтирилиши шарт. Зарафшондан Навоийга келиш учун икки соатдан кўпроқ вақт керак бўлади, – дейди А.Жабборов. – Шу боис, ташхисни асосан биохимик анализларга асосланиб белгилаймиз. Бундай таҳлил эса оғир, ёғли овқат еганда ва жигар шамоллаганда ҳам, қонда ALT, яъни гепатит борлигини тасдиқлайдиган натижани кўрсатиши мумкин”.

Зарафшон шаҳрининг 7, 11 ва 12-кичик туманларида сувчечак ва гепатит вирусини юқтириш ҳолатлари ўтган йилгига нисбатан кўпроқ қайт этилган. Ҳудуддаги муассасаларда олиб борилган ўрганишлар давомида айрим МТМ ва умумтаълим мактабларида карантин эълон қилинган хоналар талаб даражасида эмаслиги, фуқаролар хонадонларида эса шахсий гигиена қоидаларига амал қилмаслик ҳолатлари аниқланган. Айни пайтда жойларда ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда.

Ҳозирга қадар Зарафшонда 46 та касаллик ўчоқларида дизенфекция ишлари олиб борилган. Шулардан 31 таси аҳоли хонадонларида, 14 таси умумтаълим мактабларида ва битта мактабгача таълим муассасасида ўтказилган.

Manba: turon24. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!