Японияда Олимпиада объектлари яқинида дронлар ишлатиш тақиқланди

Японияда Олимпиада объектлари яқинида дронлар ишлатиш тақиқланди

Япония ҳукумати 2020 йилда Токиода ўтадиган ёзги Олимпиада ўйинлари вақтида спорт объектлари ва спортчилар учун мўлжалланган турар-жойлар яқинида бошқарувчисиз учар қурилмалар парвозини тақиқлашга қарор қилди. Бу ҳақда Kyodo ахборот агентлиги хабар берди. 

Ҳукумат шу мақсадда яқин орада жорий қонунчиликни қайта қўриб чиқишни бошламоқчи. Янги чоралар Японияда 2019 йилда, регби бўйича жаҳон кубоги ўтказилиши вақтида жорий қилиниши мўлжалланган. Дастлабки режага кўра, ушбу тақиқлов АҚШ ва Япония мудофаа кучлари ҳарбий базалари ёнидаги ҳудудларга ҳам тааллуқли бўлади.

Ҳукуматда дронлар террорчилик мақсадларида ҳамда хавфли суюқликларни тарқатишда қўлланиши мумкин, деб ҳисобланмоқда. Шу сабабли, япон полициясига қонунга тегишли тузатмалардан кейин бундай қурилмаларни мусодара қилиш ва қоидабузарликлар аниқланганда уларни уриб туширишга рухсат берилиши кутилмоқда.

Айни вақтда Японияда дронларни аэродромлар атрофида қўллаш тақиқланган. Уларни тунги вақт алоҳида рухсатсиз қўллаш мумкин эмас. Қоидабузарлик учун 500 минг иен (4,5 минг доллар) миқдорида жарима белгиланган.

Шунингдек, дронларни муҳим аҳамиятдаги объектлар – мисол учун, император саройи, бош вазир қароргоҳи, парламент ҳудуди устида берухсат қўллаш учун бир йиллик қамоқ жазоси ёки юқоридагидек, 500 минг иен жарима солиниши мумкин. Бундай объектлар атрофида 300 метрлик тақиқлов ҳудуди ўрнатилган. Бу чоралар 2015 йилда юз берган воқеа сабабли қабул қилинган. Ўшанда бош вазир Синдзо Абэ девонхонаси томида тасодифан тутун шашкаси ва Фукусимадан олинган паст радиоактив тупроқли капсула ўрнатилган дрон аниқланган.

Токиодаги Олимпиада 2020 йил 24 июлдан 9 августгача давом этади. Олимпиада ташкилотчиларининг таъкидлашича, барча асосий спорт объектлари Олимпия қишлоғидан 8 кмдан кўп бўлмаган масофада жойлашади. Бу мухлислар ва спортчиларга йўлга минимал вақт сарфлашга имкон беради. 

Manba: kun. uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!