Яна бир ўзбекистонлик "вор в законе" бўлди

Яна бир ўзбекистонлик "вор в законе" бўлди

12 апрелда Истанбулда постсовет жиноят оламининг юқори мартабали ўнлаб вакиллари вор ларнинг ёпиқ учрашувида ( сходка си) ўзбекистонлик Ахтам Самаркандский лақабли Ахтам Ёқубовга вор в законе унвони берилди, деб хабар қилди Преступная Россия портали Озодлик радиосига таяниб.

Ахтам Самаркандский Бахти Ташкентский лақабли Бахтиёр Қудратиллаевдан кейин 22 йил ўтиб, вор в законе рутбасига лойиқ топилган иккинчи ўзбекистонликдир.

Вор в законе жиноятчилар орасида катта обрў-эътибор қозонган шахсга жиноят олами элитаси вакиллари томонидан бериладиган унвон. Вор в законе фақат собиқ Совет иттифоқи ҳудудига тааллуқли воқеликдир.

42 яшар Ахтам Ёқубов умрининг қарийб 17 йилини Бирлашган Араб Амирликларида панжара ортида ўтказган.

Ахтам Ёқубовга истисно тариқасида вор в законе унвони берилган. Бундай унвонни беришга 4,5 йилдан бери мораторий эълон қилинган эди. Мораторийни 2014 йил октабрида ўғрилар дунёсида ниҳоятда катта обрўга эга Шакро Молодой ( вор в законе Захарий Калашов) жиноят оламидаги зиддиятларни бартараф этиш ва ўғриларга ҳокимият босимини камайтириш мақсадида киритганди.

Истанбулдаги йиғилиш тафсилотидан хабардор жиноят олами вакилининг Озодликка айтишича, унда собиқ Совет иттифоқининг турли республикаларидан бўлган вор в законе рутбасидаги криминал авторитетларнинг 15 нафари иштирок этган, яна ўнлаб ўғрибошилар йиғилишда телефон орқали қатнашганлар.

Сходка гуржистонлик вор в законе Темури Немсисверидзенинг (лақаби Црипа) ташаббуси билан ўтказилган, унга вор в законе Давид Чхиквишвили (лақаби Дато Сургутский) бошловчилик қилган.

Сходкага бевосита алоқадор криминал авторитет эса Озодликка Шакро Молодойдан добро олингандан кейингина Темури Немсисверидзе Ахтам Самаркандскийга истисно тариқасида ўғри унвони берилганини билдирди.

Црипа истисно тариқасида Ахтамнинг ёшини ва 16,5 йил ўтириб чиққанини инобатга олиб, ўғрилар расм-русумлари доирасида короноват қилди.

Озодлик суҳбатдошларига кўра, Истанбулдаги сходкага интернет орқали боғланган ўнлаб ўғрибошилар, жумладан ўртаосиёлик ва кавказлик авторитетлар Ахтам Самаркандский номзодини қўллаб фикр билдирганлар.

Қирғизистонлик Коля Қирғиз лақабли Қамчи Келбоев ва Бирлашган Араб Амирликларидан Лоту Гули лақабли озарбайжонлик вор в законе Нодир Салифов ҳам Ахтам Ёқубовга ўғри тожи ни кийдириш ташаббусини қўллаб-қувватлаганлар.

Ўзбекистонда ҳозиргача ягона вор в законе Бахти Ташкентский лақабли 47 яшар Бахтиёр Қудратиллаев бўлган.

Бироқ, жиноят оламидаги авторитетнинг айтишича, сходкадан бир мунча аввал Бахти Ташкентский Ўзбекистонда яна бир вор в законе пайдо бўлишига эътирози йўқлигини билдирган.

1976 йилда Самарқанд шаҳрида туғилган Ахтам Ёқубов ўтмиши ҳақида маълумот кўп эмас.

Озодлик икки манбадан Ахтам Ёқубов ҳақида қуйидагиларни аниқлашга муваффақ бўлди:

  • Ахтам Ёқубов 1998 йилда Бирлашган Араб Амирликларида ўзбек аёлларини фоҳишаликка мажбурлаган аёл ва унинг тансоқчисини ўлдиришда айбдор деб топилиб, дастлаб бир умрга озодликдан маҳрум этилган, сўнгра мазкур жазо 25 йилга ўзгартирилган.
  • Дубай қамоқхонасида эканлигида 12 йил давомида турли миллат вакилларидан иборат маҳкумларга смотряший бўлган.
  • Қамоқдалигида тошкентлик Равшан Золотой лақабли Равшан Муҳиддинов билан учрашган.
  • Равшан Муҳиддинов воситасида ўғрилар оламининг етакчи вакиллари билан танишган.
  • Ахтам Ёқубов жазо муддатининг учдан икки қисмини адо этгач, 2015 йил охирида озодликка чиққан ва Равшан Муҳиддинов кўмагида Туркиянинг Истанбул шаҳрига келган.

minbar.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!