ХОҚ трансгендерларга Олимпиадада иштирок этишни тақиқлаши мумкин
Трансгендер спортчиларнинг Олимпиадада аёллар йўналишида иштирок этиши тақиқланиши мумкин. Бу чора мусобақаларда адолатни таъминлаш мақсадида кўрилмоқда. Бу ҳақда The Times нашри Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) позициясидаги ўзгаришга таяниб хабар берди.
ХОҚ томонидан буюртма қилинган илмий тадқиқот натижаларига кўра, жинсини ўзгартирган эркаклар (яъни аёлга айланганлар) жисмоний жиҳатдан устунликка эга ва бу аёллар ўртасидаги мусобақаларда тенг шароитни бузади.
Манбаларга кўра, қарор DSD (жинсий ривожланиш бузилиши) бўлган спортчи аёлларга ҳам тааллуқли бўлиши мумкин. Бу масала 2024 йил Парижда бўлиб ўтган ёзги Олимпиада пайтида кенг муҳокама қилинган – ўшанда Имана Хелиф 66 кг вазн тоифасида аёллар боксидан ғолиб чиққан эди. Рақиблари ва танқидчилар уни эркак каби жисмоний имкониятга эга эканликда айблашган. Яқинда Хелиф Нидерландиядаги турнирда иштирок этишдан бош тортди, чунки бокс федерацияси ундан жинсни аниқлаш тести топширишни талаб қилган. Хелиф эса ўзини аёл сифатида туғилганини айтган.
Янги қоида қачон кучга киради – ҳозирча маълум эмас. ХОҚ расмий равишда қарорни тасдиқлагани йўқ. The Times маълумотича, қарор 2026 йил бошида эълон қилинади.
«Ишчи гуруҳ бу масалани муҳокама қилишда давом этмоқда, ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган. Қўшимча маълумотлар вақти келганда берилади», – деб ёзади New York Post нашри ташкилот вакилидан иқтибос келтириб.
Маълумот учун, навбатдаги қишки Олимпия ўйинлари 2026 йил февраль ойида Италиянинг Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида, ёзги Олимпия ўйинлари эса 2028 йилда АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Парижда ўтган ёзги Олимпиада ўйинларида ўзбекистонлик боксчи Ситора Турдибекова ҳам жинсий мансублиги юзасидан халқаро майдонда кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган хитой-тайпейлик Лин Ю Тинга қарши ринга кўтарилган ва имкониятни бой бериб қўйган эди.
