Хитой Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Россияга ташриф буюради

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Россияга ташриф буюради. Бунгача у АҚШ расмийлари билан Украинадаги урушни муҳокама қилганди.
"Хитой Ташқи ишлар вазири Ван И 18—21 сентябр кунлари Россияга ташриф буюради", дея хабар бермоқда Reuters агентлиги Хитой ТИВ баёнотига таяниб.
16-17 сентябр кунлари Ван И Малтада АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан билан маслаҳатлашувлар ўтказганди.
Оқ уйнинг таъкидлашича, хитойлик ва америкалик расмийлар, жумладан, "АҚШ-Хитой икки томонлама муносабатларидаги асосий масалалар, шунингдек, глобал ва минтақавий хавфсизлик масалалари, Россиянинг Украинага қарши уруши ва Хитой-Тайван муносабатлари"ни муҳокама қилган.
Аввалроқ Россия ТИВ матбуот котиби Мария Захарова РФ ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 18 сентябр куни Москвада Ван И билан музокаралар ўтказишини маълум қилганди.
Унинг сўзларига кўра, томонлар Украинадаги вазиятни тартибга солиш масалалари бўйича "батафсил фикр алмашишади".
Россиянинг Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошлаганининг бир йиллиги муносабати билан Хитой 12 банддан иборат можарони тинч йўл билан ҳал қилиш режасини тақдим этганди. Унда жумладан, "ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш", "тўғридан-тўғри мулоқотни тиклаш", "барча мамлакатлар суверенитетини ҳурмат қилиш" ва "бир томонлама санкцияларнинг тугатилиши" кабилар кўзда тутилган.
Ғарб давлатлари ва Украина эса бу режага шубҳа билан қаради.