“Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темирйўли қурилиши бошланди
Қирғизистон Президенти Садир Жапаров “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темирйўлини қуриш ишларига старт берди. Бу Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 27 декабрь куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Жалолобод вилоятига амалий ташрифи давомида “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темирйўлини қуриш ишларини бошлаш маросимида иштирок этган. Кенг қамровли минтақавий лойиҳа доирасидаги тамал тош Жалолобод шаҳрининг Тош-Қутчи қишлоғида қўйилган. Маросимда нутқ сўзлаган Қирғизистон раҳбари “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темирйўли нафақат транспорт йўлаги, балки Шарқ ва Ғарбни боғлайдиган муҳим стратегик кўприк эканини таъкидлаган.
“Ушбу йўналиш Хитойдан Қирғизистонга, шунингдек, Марказий Осиё ва Яқин Шарқ мамлакатларига, жумладан Туркия ва ундан кейин Европа Иттифоқига юкларни етказиб беришни таъминлайди. Лойиҳамиз минтақалараро алоқаларни мустаҳкамлашга, транспорт йўлларини диверсификация қилишга ва минтақани халқаро транспорт-транзит маркази сифатида рақобатбардошлигини оширишга ёрдам беради. Бу Марказий Осиё мамлакатларининг умумий мақсадларига мос келади”, деди Садир Жапаров.
Шундан сўнг Хитой Халқ Республикаси Давлат тараққиёт ва ислоҳотлар қўмитаси раиси Чжен Шанхе Хитой Президенти Ци Цзиньпиннинг мурожаатини ўқиб эшиттирган. Унда ушбу лойиҳа Осиё ва Европани боғлайдиган янги қуруқлик йўлаги қурилишига имкон яратиши, шунингдек, уч давлат ўртасидаги одамлар ҳаракати ва савдо айланмасини сезиларли даражада ошириши қайд этилган. Лойиҳанинг саноатни ривожлантириш, ресурслардан фойдаланиш, савдо ва инвестицияларни жалб этишда самарали бўлиши, шунингдек, минтақанинг фаровонлигига ижобий таъсир кўрсатиши айтилган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мурожаатини Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев ўқиб эшиттирди. Унда “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темирйўлини қуришни бошлаш деярли 30 йил давомида интилган дўстона давлатлар учун тарихий воқеа экани таъкидланган. Мурожаатда янги халқаро транспорт магистрали Марказий Осиё минтақасини Хитой билан энг қисқа йўл орқали боғлаши ва уч давлатнинг кўп қиррали ҳамкорлиги ҳамда стратегик шерикликни мустаҳкамлашига хизмат қилиши айтиб ўтилган.
Тадбир якунида Садир Жапаров “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темирйўли қурилишига рамзий тош қўйиш маросимида иштирок этган.