Ўзбекистон ва Миср тўсиқларни бартараф этиш ҳисобига товар айирбошлаш ҳажмини 500 млн долларга етказмоқчи
Ўзбекистон ва Миср 15 йил ичида ҳукуматлараро комиссиянинг илк йиғилишини Тошкентда ўтказди. Томонлар тўсиқларни бартараф этиш орқали товар айирбошлаш ҳажмини 500 млн долларга (ҳозир қарийб $42 млн) етказишга, шунингдек, Ўзбекистон-Миср ишбилармонлар кенгашини тузишга келишиб олди.
Тошкентда Ўзбекистон ва Миср ўртасида савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 7-йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилди Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ахборот хизмати.
Мажлис 2009 йилдаги сўнгги тадбирдан кейин 15 йил ичида биринчи марта ўтказилди. Делегацияга Ўзбекистон томонидан инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Миср томонидан эса режалаштириш, иқтисодий ривожланиш ва халқаро ҳамкорлик вазири Рания ал-Машат бошчилик қилди.
Вазир ал-Машат ўз нутқида мамлакатларнинг стратегик мавқеи икки томонлама муносабатларни ривожлантиришга сезиларли ҳисса қўшиши ва ҳамкорлик учун кенг имкониятлар яратиши мумкинлигини таъкидлади. Миср Ўзбекистоннинг Африка ва Яқин Шарққа экспорти ва сармояси учун дарвоза бўлиб хизмат қилади, Ўзбекистон эса Миср товарлари ва Марказий Осиёдаги сармояси учун асосий марказ ҳисобланади, деди у.
Унинг сўзларига кўра, улкан салоҳиятга қарамай, ўзаро инвестициялар ва товар айирбошлаш ҳажми кутилганидан пастлигича қолмоқда. Айни пайтда Мисрда туризм, хизматлар, телекоммуникациялар, ахборот технологиялари ва қишлоқ хўжалиги каби соҳаларда жами 24 та ўзбек компанияси фаолият юритмоқда. Ўзбекистонда Мисрнинг 15 та корхонаси фаолият юритмоқда.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилда мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 47,9 миллион долларни, жорий йилнинг 11 ойида эса 42,1 миллион долларни ташкил этган.
Ўзаро савдо ҳажми пастлигича қолмоқда, бу эса инвестициялар учун янги имкониятлар очиш ва товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш зарурлигини таъкидлайди.
Ўзбекистон инвестициялар вазири тўсиқларни бартараф этиш орқали яқин йилларда Миср билан савдо алоқаларини чуқурлаштириш ва товар айирбошлаш ҳажмини 500 миллион долларга етказишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги Халқаро китоб ярмаркасига таклиф этилгани учун миннатдорлик билдирди.
Лазиз Қудратов Ўзбекистон Миср компанияларининг 2025 йилда ўтказиладиган кўргазмаларда иштирок этишидан, шунингдек, кичик ва ўрта бизнес ўртасидаги ҳамкорликни соддалаштириш учун рақамли савдо платформаларини яратишдан манфаатдор эканини таъкидлади. Шунингдек, у хусусий секторни мустаҳкамлаш учун Ўзбекистон-Миср ишбилармонлар кенгашини тузиш ғоясини қўллаб-қувватлади.
ИССВ раҳбари Мисрнинг электроника, фармацевтика ва тўқимачилик саноати каби соҳалардаги технологиялари, билим ва тажрибасини қайд этди. Вазир икки мамлакат банклари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ишбилармонлик алоқаларини кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратишини таъкидлади.
Сессия якунида томонлар бир нечта англашув меморандумлари ва битимларини имзолади:
Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан Миср Атроф-муҳит вазирлиги ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги техник ҳамкорлик бўйича;
Айн-Шамс университети ва Тошкент давлат шарқшунослик университети ўртасида;
Миср қадимий ёдгорликлари олий кенгаши ва Ўзбекистон Ислом сивилизацияси маркази ўртасида;
Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти билан Мисрнинг Александрия провинцияси ўртасида савдо-иқтисодий, илмий ва маданий алоқаларни мустаҳкамлаш учун;
Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги ва ACDIMA компанияси ўртасида.
Кун дастури икки мамлакатнинг 150 дан ортиқ йирик компаниялари раҳбарлари иштирокидаги бизнес-форум билан давом этди. Хусусан, Миср томонидан El Sewedy Electric, Hassan Allam Holding, ACDIMA, EPICO, Nile sugar, Badawy Group, Masriya machine, Ebtkarat Smart Systems, Solyphar, Al Farouk For Import & Export ва бошқа компаниялар иштирок этди.
2023 йил февраль ойида Ўзбекистон ва Миср президентларининг музокаралари чоғида томонлар хавфсизликка таҳдидларга қарши курашиш, коррупцияга қарши курашиш бўйича тажриба алмашиш, Афғонистон бўйича халқаро ташаббусларни ўзаро қўллаб-қувватлашдан манфаатдор эканини билдирган, шунингдек, иқтисодиётда ҳамкорликнинг бешта истиқболли йўналишини белгилаб олганди. Давлат раҳбарлари муносабатларни кенг қамровли шериклик даражасига кўтаришга келишиб олган.