Энергетика тизимида назорат: 2024 йилда 1,4 триллион сўмлик энергия ресурслари талон-тарож қилинган
2024 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан қонун ҳужжатларининг ижроси ва давлат назоратини амалга ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилди.
Хусусан, йил давомида мунтазам назорат тадбирлари ўтказилди. Унга кўра, 8 минг 289 та табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ва қоидабузарлик ҳолатлари аниқланган. Мазкур ҳолатлар туфайли давлат манфаатларига 1 триллион 409 миллиард сўм зарар етказилганлиги маълум бўлди.
Таҳлилларга кўра, электр энергияси бўйича 730,1 миллиард сўмлик ( 91 та майнинг, 184 та АГТКШ, 1 422 та сув насоси) ва табиий газ бўйича 679,1 миллиард сўмлик ( 57 та АГТКШ, 64 та иссиқхона, 5 та оҳак цехи) энергия ресурслари талон-тарож қилинган.
Қоидабузарликка йўл қўйган 51 та автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчасининг лицензияси бекор қилинди. Шунингдек, истеъмолчилар томонидан энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар бўйича 9 минг 84 та маъмурий иш расмийлаштирилди.
Нефть маҳсулотлари бўйича олиб борилган сифат назорати тадбирларида АЁҚШ ва корхоналардан олинган таҳлил наъмуналаридан 189 та ҳолатда 5 миллион 348 минг литр нефть маҳсулотининг сифатсизлиги аниқланиб, сотувга чиқарилишининг олди олинди.
Қуввати 50 кВ ва ундан юқори бўлган истеъмолчиларга берилган кўрсатмалар давомида 25 минг 730 та истеъмолчида реактив энергиясини компенсация қилиш бўйича қурилмаларнинг ўрнатилиши таъминланди. Бунинг натижасида ўтган йилга нисбатан 26 та подстанция ва 671 та тармоқда қувват коэффициенти кўтарилишига эришилди. Шунингдек, берилган кўрсатмаларни бажармаган 1 минг 523 та истеъмолчига маъмурий баённомалар тузилди.
Ёқилғи-энергия ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш бўйича 47 минг 396 та профилактика тадбири ташкил этилди. 416 та объектда текширувлар амалга оширилди. 11 минг 967 та ижтимоий соҳа объекти ҳамда 7 минг 562 та кўп қаватли уйнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилди. Энергия ресурсларининг истеъмолдаги ҳолати ҳамда уларни иқтисод қилиш бўйича аниқ ва муҳим бўлган маълумотларни тақдим этувчи 20 минг 342 та ижтимоий соҳа объектининг энергетик паспорти шакллантирилди.
“Ўзэнергоинспекция” энергетика соҳасида 3 та қонун, Президентнинг 7 та фармон ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 18 та қарори, шунингдек, 3 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатни ишлаб чиқишда фаол иштирок этди.
Хулоса шуки, энергетика ресурсларидан фойдаланишда қонунбузарликларга қарши кучайтирилган назорат тадбирлари давлат манфаатларига етказилган зарарни қисқартириш ва тизимнинг самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.