Қозоғистон расмийлари самолёт қулаши хронологиясини эълон қилди
Қозоғистонда қулаган Azerbaijan Airlines самолётининг бошқарув тизимлари ишдан чиққан бўлган. Экипаж йўналиш ва баландликни барқарор сақлаб тура олмаган. Қозоғистон транспорт вазири Марат Қарабоев воқеалар кетма-кетлигини келтирди.
Дастлабки хабар соат 10:43 да Ростов ҳудудий диспетчеридан Ақтўбе туман диспетчерлик марказига келиб тушган. Унда Embraer-190 самолётини Грознийдан захира аэродромига йўналтириш ҳақида маълумот берилган. Самолётнинг бошқарув тизимлари, баландлик рули ва элеронлари Қозоғистон ҳаво ҳудудига кирмасдан олдинроқ ишдан чиққан.
“Ростов диспетчери Махачқалъа ва Бокудаги об-ҳаво маълумотлари тақдим этилгандан сўнг, экипаж Оқтов шаҳрига учишга қарор қилганини хабар қилди”, деди Қарабоев.
Соат 10:53 да Ростовдаги парвоз раҳбари Оқтов минорасидаги парвоз раҳбарига қўшимча маълумот етказган. Унга кўра, самолётнинг йўловчилар салонидаги кислород баллони портлаб кетган, йўловчилар ҳушини йўқота бошлаган. Самолёт етиб келгач, реанимация хизмати сўралган. Фавқулодда вазият хизматлари самолёт Қозоғистон ҳаво ҳудудига киришидан олдиноқ уни қабул қилишга шай турган.
Диспетчер кемани аэродромга қўндириш учун барча зарур ҳаракатларни амалга оширган. Бундан ташқари, учиш-қўниш йўлагини кўришни осонлаштириш мақсадида чироқлар ёқилган.
Экипаж Оқтов аэродромининг учиш-қўниш йўлагига икки марта қўнишга уринган, бунда авиакеманинг баландлиги тартибсиз ўзгариб туриши кузатилган — у қирғоқ чизиғи томон оғиб кетган.
Соат 11:28 да экипаж билан алоқа узилган ва самолёт ерга қулаган. Оқтов аэропортининг қутқарув хизмати воқеа жойига биринчи бўлиб етиб келган ва дарҳол йўловчиларни эвакуация қилишга киришган.