Халқ таълими тизимида аҳоли қайси ҳолларда энг кўп коррупцияга дуч келаётгани айтилди

Халқ таълими тизимида аҳоли қайси ҳолларда энг кўп коррупцияга дуч келаётгани айтилди

Халқ таълими вазири ўринбосари Усмон Шарифхўжаев тизимда коррупцион ҳолатлар айнан қайси ҳолатларда энг кўп кузатилаётгани ва буни бартараф этиш учун кўрилаётган чоралар ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

«Энг биринчи ҳолат – бу мактаб шаҳодатномасини олиш жараёни. Шу пайтгача битирувчига мактаб шаҳодатномаси қоғоз шаклда бериларди. Ҳужжат берилиши мактаб архивидагина қайд этиларди, ҳеч қандай электрон базаси бўлмаган. Ҳужжат ҳақиқийлигини билиш учун инсон омили қатнашишга мажбур бўлган.

Бу йил шаҳодатномалар электрон шаклда берилганидан кейин муаммолар қисман бартараф этилди. Электрон тизим шакллантирилганидан кейин ҳужжатни сохталаштириш ҳолатларига ўрин қолдирилмайди ва коррупцияга бу ерда чек қўйилади.

Кейинги ҳолат болани мактабга қабул қилиш жараёни бўлиб, ота-оналар ва мактаб маъмурияти билан коррупцион ҳолатлар кузатиляпти. Ота-оналар мактабда бирон бир жиҳатдан қониқмаса, имкон қадар ўзига ёққан йўл (пора бериш)ни танлаб олишга уринишади.

Бу йил Тошкент шаҳрида тажриба-синов юзасидан 1-синфга қабул учун qabul.maktab.uz платформаси орқали онлайн навбат тизими шакллантирилди.

Шунингдек, болани 1-синфга қабул қилиш ёши бўйича тушунмовчиликлар кўп бўлади. Бу тизимнинг аниқ қонуний тартиби мавжуд эмас эди. Шу сабабли ота-оналар болаларини эртароқ – 6 ёшдан мактабга беришга ва коррупцион ҳолатларга йўл қўйиши мумкин.

Бунга чек қўйиш учун шу йили янги қабул қилинган «Таълим тўғрисида»ги қонунда бола 7 ёшга тўладиган йилда 1-синфга қабул қилиниши мумкинлиги аниқ белгилаб қўйилди.

Навбатдаги оғриқли ҳолат – педагог-кадрларнинг тоифа олишидир. Жойларда тоифадан ўтиш учун рўйхатдан ўтиш, ҳужжатларни тақдим қилиш инсон фактори – мактаб директори, ўринбосари, туман халқ таълими бўлими мудирига боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бунда қоғозбозлик кучли бўлгани учун бевосита коррупцияга йўл очиляпти.

Тоифа олганлик тўғрисидаги сертификат олиш ҳам жуда мураккаблаштириб юборилган. Ким сертификат олиши инсон омили билан боғланган. Тоифа олишни шаффофлаштириш учун ўқитувчи тўғридан тўғри таълим инспекциясига ариза топшириш тизимини йўлга қўйиш режамизда бор. Тоифа олиш учун онлайн ариза топшириш тизими кейинги йилдан иш бошлайди.

Мактаб директорини лавозимига тайинлаш. Директорлар шу пайтгача туман халқ таълими бўлимлари мудирлари томонидан тайинланиб келинган. Уларни танлашда очиқ танлов ўтказилмаган. Натижада номзодларни тайинлашда таниш-билишчиликка йўл қўйилган.

Бундай ҳолатлар ҳозир ҳам бор. Тошкент шаҳри ва вилоятда тажриба-синов тариқасида мактаб директорларини лавозимга тайинлаш учун танлов ташкил қилинди.

Кузатув кенгашлари ушбу жараённи назорат қилди. Лекин бу ҳам эътирозларга сабаб бўлди. Шу сабабли кейинги ўқув йилидан бошлаб мактаб директорларини лавозимига тайинлаш туман халқ депутатлари билан келишган ҳолда амалга оширилиши йўлга қўйилади», – деди Шарифхўжаев 3 декабрь куни тизимдаги коррупция мавзусида ташкил этилган матбуот анжуманида.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!