«Исроил Ғазода геноцид амалга оширмоқда»
Исроилда жойлашган етакчи инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи икки ташкилот – B'Tselem ва Physicians for Human Rights (Инсон ҳуқуқлари учун шифокорлар) “Исроил Ғазо секторида фаластинликларга қарши геноцид амалга оширмоқда”, деб баёнот беришди.
«Бу тасаввур қилиб бўлмасдек туюлади. Лекин бу ҳақиқат. Исроил Ғазо секторида фаластинликларни йўқ қилиш мақсадида атайлаб ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга оширмоқда. Бу геноцид тушунчасининг аниқ таърифидир», – дейилади B'Tselem нашрида.
Иккала ташкилот ҳам Исроил деярли икки йиллик уруш давомида фақат фаластинлик эканлиги сабабли Ғазо аҳолисига қарши мақсадли ҳужумлар қилганини таъкидлашди.
❕ Ҳисоботларда аёллар, болалар ва кекса инсонларнинг ўн минглаб қирилиши, оммавий мажбурий кўчиришлар, атайлаб очликка маҳкум этиш, уй-жойлар ва фуқаролик инфратузилмасини йўқ қилиш каби жиноятлар батафсил баён этилган.
Ташкилотлар Ғазодаги фожеалар учун Исроилнинг ғарбдаги иттифоқчилари ҳам масъул эканини таъкидлади. «Бу Ғарб дунёси қўллаб-қувватлаши бўлмасдан содир бўла олмасди», — деди B'Tselem директори Юли Новак.
🗣 «Биз фуқароларга қарши қасддан амалга оширилаётган ҳужумларни кўряпмиз. Бу муайян бир гуруҳни йўқ қилиш мақсадида амалга оширилмоқда. Геноцид фақат юридик жиноят эмас — бу ижтимоий ва сиёсий ҳолат ҳамдир», — деди Юли Новак.
Юли Новакнинг сўзларига кўра, фаластинликларни инсонийликдан маҳрум этиш ва уларнинг ҳуқуқларини инкор этиш йиллар давомида геноцидни амалга ошириш учун замин яратган. 2023 йил 7 октябрдаги воқеалар эса бу зулм ва назорат сиёсасини йўқ қилиш ва вайрон қилиш сиёсатга айлантирган бурилиш нуқтаси бўлган.
B'Tselem огоҳлантирадики, Ғазодаги геноцид кампанияси бошқа фаластин ҳудудларига, хусусан, Ғарбий соҳилга ҳам тарқалиши мумкин.
💬 «Исроил режими эндиликда янги қуролга – геноцидга эга. Бу сиёсат ҳозирча бошқа ҳудудларда қўлланилмаётгани, ундай бўлмайди, дегани эмас», — деди Юли Новак.
B'Tselem халқаро жамоатчиликни Ғазода геноцидни тўхтатишга чақирди.
«Ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилот сифатида биз ҳақиқатни айтмасдан тура олмаймиз: геноцид айнан ҳозир ва шу ерда содир бўлмоқда. Бу — бизнинг геноцидимиз, ва биз уни тўхтатишимиз керак», – дейилади B'Tselem баёнотида.
