Ўзбекистоннинг яна 7 та маданий мерос объекти ISESKO рўйхатига киритилди
Аввалроқ, Ўзбекистонда бўлиб ўтган «Ислом олами маданий мероси бўйича қўмитанинг 13-сессияси» ҳақида хабар бериб, ушбу йиғилишда Ислом олами маданий мероси рўйхатига Ўзбекистон моддий ва номоддий маданий мерос объектларининг киритилиши кутилаётгани айтилган эди.
2026 йил 9-13 феврал кунлари Ўзбекистонда бўлиб ўтган «Ислом олами маданий мероси бўйича қўмитанинг 13-сессияси»нинг якуний хулосалари маълум қилинди. Унга кўра, Ўзбекистон томонидан тақдим этилган 9 та номзоддан 7 таси маъқулланиб, ISESKOнинг Моддий ва номоддий маданий мерос объектларининг бошланғич рўйхатига киритилди.
Рўйхатга қуйидагилар киритилган:
- 4 та номоддий маданий мерос намунаси - ёғоч ўймакорлиги санъати, миниатюра санъати, хаттотлик санъати, китобат ва таҳзиб санъати;
- 3 та моддий маданий мерос обекти - Қадимий Термиз мажмуаси, Шаҳрисабз тарихий-мажмуаси, Миздаҳкан тарихий-мажмуаси.
Маълумот учун, бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикасининг 19 та моддий ва номоддий маданий мерос объектлари ISESKOнинг Моддий ва номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган.
Улар қуйидагилар: Самарқанд шаҳридаги Регистон мажмуаси, Исмоил Самоний мақбараси, Чор Бакр мажмуаси, Баҳоуддин Нақшбанд мажмуаси, Магоки Аттор масжиди, Пойи Калон мажмуаси, Қадимий Пойкент шаҳри харобалари, Саройи Тош мадрасаси, Ипак йўллари: Зарафшон–Қароқум йўлаги, Туроннинг совуқ қишлоқ чўллари, Самарқанд — маданиятлар чорраҳаси, Бухоро тарихий маркази, Заамин тоғлари (Жиззах вилояти), Шаҳрисабз тарихий маркази, Султон Саодат мажмуаси, Муҳаммад Ҳаким Термизий мақбараси, Султон Увайс Бобо мақбараси, Саййид Аталиқ мадрасаси ҳамда Ўзбекистонда кулолчилик (керамика) санъати.
Ташкилот рўйхатига киритилган юқоридагилар билан жами 26 та Ўзбекистоннинг моддий ва номоддий маданий мерос объектлари ISESKOнинг Моддий ва номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди.
