Сурхондарёда атир сепилган гиёҳвандлик воситасининг “ҳиди” чиқди
Гиёҳвандлик воситаларининг контрабандасини олдини олиш ва унга чек қўйиш мақсадида божхона органлари томонидан доимий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Айритом” чегара божхона постига қўшни давлатдан кириб келган юк автотранспорт воситаси божхона ходимлари томонидан Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда белгиланган тартибда божхона назоратидан ўтказилди.
Натижада, юк автотранспорт воситаси кабинасидаги ётоқжой остига беркитилган 1 дона, полиэтилен ўрам билан ўралган, ўзига хос ўткир ҳидли ашё борлиги аниқланди.
Шундан сўнг, ушбу ўрам очилиб, махсус электрон тарозида ўлчаб кўрилганда, жами оғирлиги 123 грамм бўлган “опий” гиёҳвандлик воситаси эканлиги маълум бўлди.
Эътиборлиси шундаки, фуқаро гиёҳвандлик воситаси устидан атир сепиб уни ҳидини беркитишга ҳам уринган. Бироқ, божхона органларига бириктирилган хизмат ити бу ҳийлага алданмади.
Шунингдек, яна бир ҳолатда мазкур божхона пости орқали юртимизга кириб келган юк автотранспорт воситаси кабинасидан 3.4 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситаси топилди.
Ҳозирда, ушбу ҳолатлар юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.
