Ўзбекистонда илк маротаба ахборот технологияларига бағишланган театр фестивали бўлиб ўтади

Ўзбекистонда илк маротаба ахборот технологияларига бағишланган театр фестивали бўлиб ўтади

Маданият ҳамда Рақамли технологиялар вазирликлари, IT таълим уюшмаси ҳамда Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театри ҳамкорлигида жорий йилнинг 25-30 апрель кунлари мамлакатимизда илк маротаба «ХХI аср болалари» биринчи халқаро болалар театрлари +IТ фестивали бўлиб ўтади.

Мазкур фестивални ўтказишдан мақсад маданият ва ахборот технологиялари соҳаларини уйғунлаштириш, келажак авлод тарбияси ва шахс камолотида ижодий салоҳиятни ривожлантиришдан иборат.

Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида Рақамли технологиялар вазирлиги ғояси асосида режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Малика Искандарова томонидан саҳналаштирилган «Game over» спектакли омадли саҳна асари бўлди. Унда бугуннинг долзарб мавзулардан бири – компьютер ўйинларига берилган болакайнинг виртуал оламга тушиб қолиши билан боғлиқ саргузаштлар акс эттирилади.

– Спектаклда замонавий компьютер графикаси ва илғор технологиялардан фойдаланилган,– деди актёр Барот Ҳасанов. – Мазкур саҳна асари соҳа мутахассисларига ҳам манзур бўлди. Шу муносабат билан апрель ойи якунида мамлакатимизда илк бор IT спектаклларга бағишланган халқаро фестиваль ўтказиш ниятидамиз.

Фестивалда Ўзбекистон, Озарбайжон, Грузия, Беларусь, Кипр, Россия каби давлатлардан 60 га яқин ижодкорлар иштирок этади.

Дастурдан расмий очилиш маросими, оммавий ахборот воситалари иштирокида халқаро матбуот анжумани, IT мавзусига бағишланган спектакллар намойишлари, ижодий давра суҳбатлари, фотосессиялар ўрин олган.

Ҳозирда фестивалга тайёргарлик жараёнлари кетмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!