Сенат: зўравонликка барҳам беришнинг қонуний асослари бор ва бу амалда тўлиқ ишлаши керак

Сенат: зўравонликка барҳам беришнинг қонуний асослари бор ва бу амалда тўлиқ ишлаши керак

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотига кўра, дунёдаги ҳар учинчи аёлга ҳаёти давомида ўз умр йўлдоши томонидан жисмоний тазйиқ ўтказилади.

Тазйиқ ва зўравонлик оқибатида ўлим келиб чиққан ҳолатларнинг 38 фоизида унинг турмуш ўртоғи ёки у билан бирга рўзғор қуриб яшаётган шахснинг айби бўлади.

Олий суд матбуот хизмати маълумотига кўра, жорий йил биринчи чорагида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (шаҳвоний шилқимлик қилиш) билан 318 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Уларнинг 97 нафарига жарима жазоси, 221 нафарига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59-2-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 4 минг 343 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларнинг 2 минг 344 нафарига жарима жазоси, 2 минг нафарга яқинига эса маъмурий қамоқ жазоси қўлланилган.

Жиноят кодексининг 126-1-моддаси (оилавий (маиший) зўравонлик) билан 134 нафар шахс судланиб, уларнинг 51 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 83 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Жиноят кодексининг 141-3-моддаси (шахснинг шаънини ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда инсон ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи маълумотларни ошкор қилиш) билан 40 нафар шахс судланиб, уларнинг 13 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 27 нафарига эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

Хотин-қизлар ва болаларни тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш, оғир ижтимоий аҳволда қолган хотин-қизлар ҳуқуқлари кафолатини таъминлаш бугун давлат ва жамиятнинг доимий диққат марказида.

Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси томонидан хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш мавзусида ўтказилган семинарда шу ҳақда фикр алмашилди.

Тадбирда Президентимиз томонидан 2023 йил 11 апрелда имзоланган “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини мустаҳкамлаш йўлидаги дадил қадам бўлгани қайд этилди.

Қонун асосида амалдаги қонунчиликка “оилавий (маиший) зўравонлик” тушунчаси киритилиб, бундай қилмишлар учун тегишли равишда маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланди. Шунингдек, болаларга нисбатан жинсий жиноятлар учун жавобгарлик янада кучайтирилди.

Демак, зўравонликка қарши курашишнинг қонуний асослари бор ва бу амалда тўлақонли ишлаши зарур.

Сенаторлар, маҳаллий кенгашларнинг ёшлар сиёсати, хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича доимий комиссияси раислари ҳамда котибият мудирлари, экспертлар, тегишли ташкилот вакиллари ва ёшлар қатнашган тадбир якунида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутасаддилар томонидан жавоб берилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!