Ўзбекистон ва Беларусь шифокорлари онкология йўналишида ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон ва Беларусь шифокорлари онкология йўналишида ҳамкорлик қилади

Аввал хабар берганимиздек, шу кунларда Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов бошчилигидаги мамлакатимиз делегацияси хизмат сафари билан Беларусь Республикасида бўлиб турибди.

Ташрифнинг иккинчи куни Минск шаҳрида жойлашган Н.Н.Александров номидаги Республика онкология ва тиббий радиология илмий-амалий маркази фаолияти билан танишувдан бошланди.

Таъкидлаш жоиз, 64 йиллик тарихга эга мазкур марказдаги илмий-тиббий-ўқув мажмуада 10 илмий лаборатория, 20 та стационар ва 11 та диагностика бўлими мавжуд.

Бугунги кунда уларда жами 1700 дан зиёд малакали ходимлар, шу жумладан, 25 нафардан ортиқ тиббиёт ва биология фанлари докторлари ҳамда 12 нафар профессор меҳнат қилмоқда.

Эътиборлиси, бу ерда умумий гипертремия, фотодинамик терапия каби дунёда муқобили бўлмаган ноёб даволаш усуллари қўлланилади.

Марказда ўрнатилган замонавий диагностика асоб-ускуналари эса ҳатто энг оғир онкологик касалликларга ҳам тез ва аниқ ташхис қўйиш имконини бермоқда.

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ва марказ раҳбарияти ўртасида ўтган мулоқот давомида таъкидланганидек, юртимизда ўтказилган Ўзбекистон-Беларусь тиббиёт ва таълим кунлари кўплаб йўналишлар қаторида онкология соҳасидаги ўзаро ҳамкорликни ҳам янада мустаҳкамлашга туртки бўлди.

Хусусан, акция доирасида мамлакатимизга Беларусдан бир гуруҳ юқори малакали онкологлар ташриф буюриб, маҳаллий шифокорлар билан ўзаро билим ва тажриба алмашди, ҳамкорликда мураккаб амалиётлар бажарди.

Учрашувда онкология соҳасида мутахассисларни ўқитиш, улар учун ушбу марказда стажировка ва малака ошириш курсларини ташкил этиш, биргаликда онкологик касалликларни даволашнинг янги усулларини жорий қилиш каби қатор йўналишларда ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, музокаралар давомида икки мамлакатнинг онкологик муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Ўз навбатида, беларуслик мутахассислар ўзбекистонлик ҳамкасбларидан айрим онкологик касалликларни робот технологияси ёрдамида даволашни ўрганишга қизиқиш билдирди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!