Ўзбекистон учун иқлим ўзгаришига мослашиш ва юмшатишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш бўйича давлат дастури ишлаб чиқилмоқда

Ўзбекистон учун иқлим ўзгаришига мослашиш ва юмшатишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш бўйича давлат дастури ишлаб чиқилмоқда

8–10 июль кунлари Яшил иқлим жамғармаси (ЯИЖ) делегацияси Ўзбекистонда бўлди. Ушбу ташриф ЯИЖ билан ишлаш бўйича миллий мувофиқлаштирувчи ташкилот ҳисобланган Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ташаббуси билан амалга оширилди.

Жамғарма директорининг ўринбосари ва Давлат дастурлари департаменти бошлиғи Нонҳланҳла Зиндела ва Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича дастур менежери Максим Сурков бошчилигидаги делегация Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Иқлим ўзгариши миллий маркази билан биргаликда иқлим ўзгариши бўйича лойиҳалар портфелини тизимлаштириш ва кенгайтириш бўйича бир қатор стратегик муҳокамалар ўтказди.

Шунингдек, ташриф давомида Ўзбекистонда иқлим лойиҳаларини молиялаштириш бўйича мамлакат дастурини ишлаб чиқишнинг техник жиҳатлари ишлаб чиқилди. Ушбу дастур иқтисодиётнинг иқлим ўзгариши таъсирига энг заиф бўлган тармоқлари: сув танқислиги, чўлланиш, чанг ва қум бўронлари, энергия самарадорлиги, ҳаво сифати ҳамда шаҳарлар ва ҳудудларнинг иқлим барқарорлигини таъминлаш учун молиялаштиришдан фойдаланиш имконини беради. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2023 йилда Дубайда бўлиб ўтган Иқлим ўзгариши бўйича БМТ доиравий конвенцияси (CОP-28) иштирокчиларининг 28-конференциясида эълон қилинган Мўйноқда иқлим технологиялари кўргазмаси марказини ташкил этиш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилди. Мамлакат дастури Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси иштирокчиларининг 29-конференциясида тақдим этилиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, вазирлик ва маҳаллий молия ташкилотларининг ЯИЖда аккредитациясини олиш масалалари ҳам муҳокама қилинди, бу эса мамлакатда иқлимни молиялаштиришдан фойдаланишни сезиларли даражада осонлаштиради.

Маълумот учун, Яшил иқлим жамғармаси (ЯИЖ) — бу БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (UNFCCC) доирасида ривожланаётган мамлакатларни иқлим ўзгаришига мослашиш ва юмшатиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш учун яратилган халқаро жамғарма.

Жамғарманинг асосий мақсади иқлим лойиҳалари учун молиявий ресурсларни сафарбар қилишдир. Бугунги кунга қадар ЯИЖ бошқарувида 13,5 миллиард АҚШ доллари ва биргаликда молиялашда 51,9 миллиард АҚШ доллари мавжуд. Ушбу маблағлар ривожланган мамлакатлар томонидан иқлим ўзгариши таъсирига заиф ривожланаётган мамлакатларни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштириш учун 100 миллиард АҚШ доллари миқдорида ажратилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!