Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Кувайтда кенг тарғиб этилмоқда

Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Кувайтда кенг тарғиб этилмоқда

Мамлакатимизнинг Кувайтдаги элчихонасида Ўзбекистон сайёҳлик салоҳиятига бағишлаган тақдимот ўтказилди, деб хабар бермоқда "Дунё" АА мухбири.

Унда кувайтлик йирик тадбиркорлар, инвесторлар ва сайёҳлик компаниялари раҳбарлари қатнашди.

Ўзбекистонда сайёҳларга халқаро андозалар асосида хизмат кўрсатишни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани, мамлакатимизда хорижлик туристларни қабул қилиш учун замонавий меҳмонхона ва логистика инфратузилмаси яратилгани, қизиқарли саёҳат ва дам олиш учун барча имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Кувайт фуқаролари учун Ўзбекистонга кириш бўйича 10 кунлик визасиз тартиб жорий этилгани ва "Jazeera" авиакомпаниясининг Тошкент, Самарқанд, Наманган ва Фарғона шаҳарларига рейслари йўлга қўйилгани айтиб ўтилди.

Самарқанд, Хива, Бухоро ва Тошкент каби тарихий шаҳарларимиз, мамлакатимиз табиатининг гўзаллиги ва ранг-баранглиги, Ўзбекистон халқининг кўп асрлик ҳунармандчилик анъаналари, урф-одатлари ва байрамлари сайёҳларни фаол жалб қилаётганига урғу берилди.

Ўз навбатида, Кувайт вакиллари Ўзбекистондаги ЮНEСКОнинг Умумжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларининг сайёҳлик имкониятларини юқори баҳолашди.

Кувайт томонининг айтишича, ўзининг маҳобатли меъморий иншоотлари, гўзал табиат манзаралари ва, албатта, ўзбек халқининг самимий меҳмондўстлиги билан уйғунлашган тарихий шаҳарлари дунёнинг турли бурчакларидан келган сайёҳларни ўзига ром этмоқда.

Тадбир якунида мамлакатимиз сайёҳлик имкониятларини Кувайт жамоатчилиги ўртасида тарғиб қилиш ва Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш йўналишида ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!