Ўзбекистон ҳукумат очиқлиги бўйича “Open Data Inventory” рейтингида 15 поғонага кўтарилган

Ўзбекистон ҳукумат очиқлиги бўйича “Open Data Inventory” рейтингида 15 поғонага кўтарилган

Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги учинчи миллий маъруза муҳокама қилинди.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тақдим этилган миллий маърузада 2023 йилда мамлакатда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган ишлар акс эттирилган ҳамда улар тўғрисида мажлисда ахборот берилди.

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг ҳуқуқий ва институционал асослари такомиллаштирилиб, жамиятда коррупция иллатига нисбатан муросасиз муҳитни шакллантиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашишнинг замонавий механизмлари кенг жорий этилди. Уларнинг фаолиятида очиқликни таъминлаш, жамоатчилик олдида ҳисобдорликни ошириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Шу билан бирга, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган мақсадли кўрсаткичлар белгиланди.

Соҳада давлат сиёсати изчиллигини таъминлаш мақсадида коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023 – 2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури қабул қилинди, очиқ, эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхати 35 тадан 40 тагача кенгайтирилди.

Аҳолига хизмат кўрсатишда коррупция ҳолатларининг олдини олишни таъминловчи «Онлайн маҳалла», «Аҳоли томорқаси», «Онлайн-бозор», давлат хизматчиларини онлайн режимда ўқитишга мўлжалланган «Open Data» платформалари ишга туширилди.

Бунинг натижасида “Transparency International” халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан 2023 йил якунлари бўйича Коррупцияни қабул қилиш индексида мамлакатимиз ўрни 5 поғонага, Бошқарув сифати индикатори ва Ҳукумат очиқлиги бўйича “Open Data Inventory” рейтингида 15 поғонага кўтарилган.

Шу билан бирга, муҳокамада сенаторлар томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида айрим камчиликлар сақланиб қолаётганлиги ҳам таъкидланди.

Хусусан, 2023 йилда республика бўйича судлар томонидан кўрилган жиноят ишлари таҳлили коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига етказилган зарарнинг юқори улуши Андижон, Наманган, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларига тўғри келганини, коррупцияга оид жиноятлар сони Сурхондарё ва Андижон вилоятларида ортганини кўрсатди.

Коррупцияга оид жиноят ишлари бўйича судланган шахсларнинг аксарияти мактабгача ва мактаб таълими муассасалари, тижорат банклари, соғлиқни сақлаш ташкилотлари ҳамда ҳокимликлар ходимлари ҳисобланади.

Шунингдек, ички назорат тузилмалар фаолиятини ташкил этишда айрим давлат идоралари томонидан камчиликларга йўл қўйилган.

Жумладан, ички назорат тизими жорий этилган давлат идораларининг 37 тасида ташкил этилган 996 та штат бирлигидан 172 таси (17,2 фоиз) вакант бўлса, 6 та ташкилотнинг 35 нафар ходимига қўшимча вазифалар юкланган.

Шу билан бирга, 20 та давлат ташкилотида ички назорат тизимини жорий этишга оид идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилмаган, 13 тасида ички назорат тизими самарали фаолият кўрсатмаяпти.

Хусусан, Андижон ва Сурхондарё вилояти ҳокимликлари, Ташқи ишлар вазирлиги, Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекциясида ички назорат тизимини жорий этишга оид идоравий ҳужжатлар ишлаб чиқилмаган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида атиги 5 та штат бирлигидан иборат (вазирлик марказий аппаратида) ички назорат тузилмаси ташкил этилган.

Муҳокама жараёнида Сенат аъзолари томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, қатор вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор таклифлар билдирилди.

Хусусан, коррупцияга оид жиноятларни таҳлил қилган ҳолда жиноятлар кўрсаткичи ошган давлат органлари ва ташкилотларида кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар белгилаш лозим.

Коррупция ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш тизими бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини жадаллаштириш, давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ички назорат тузилмалари ходимларига қўшимча вазифалар юклатилишини олдини олиш зарур.

Ички назорат тузилмалари томонидан назорат тадбирларини мунтазам равишда ўтказилишини таъминлаш, Одоб-ахлоқ комиссияларининг фаолиятини кучайтириш каби бир қатор вазифалар белгиланди ва улар Сенат қарорида акс этди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!