Ўн йилда битмаган иш ўн кунда битгани ростми?

Ўн йилда битмаган иш ўн кунда битгани ростми?

Юзлаб ёшларимиз хорижда таълим олиб, интиқлик билан кутган ва қўлга киритган ҳужжатларини бир неча ўн йиллар давомида нострификациялаш, яъни эквивалентлигини қайд этишнинг уддасидан чиқа олишгани йўқ эди. Бунинг энг асосий сабабларидан бири –бу жараёнда кўп вақт сарф этилиши, ортиқча ҳужжатбозлик, оворагарчиликнинг бениҳоя кўплиги бўлса, яна бир томондан талабгорларнинг нострификациялаш жараёнида уларга тўсиқ бўлаётган коррупцион ғовларнинг бартараф этилмаганлиги эди.

Сир эмаски, таълим соҳасидаги бу каби муаммолар йиллар давомида бир ҳаводан нафас олаётган минглаб азиз юртдошларимизнинг “бош оғриғи”га айланиб қолганди.

Жорий йилнинг 16 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Таълим сифатини назорат қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.Бу муҳим ва узоқ кутилган қарорга кўра, жорий йил 1 мартдан бошлаб хорижий давлатларда берилган таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш тартиби жорий этилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори  билан «Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги хужжатларни тан олиш тартиби ҳақида НИЗОМ» тасдиқланди.

Ушбу ҳужжатнинг энг муҳим жиҳати шундаки, хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш тўғрисидаги талабгорларнинг аризалари фақат Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиниши белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги қарорига асосан, 2018 йил 1 июнь кунидан эксперимент тариқасида Қўқон шаҳар Давлат хизматлари маркази томонидан хорижий давлатларда берилган таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш давлат хизмати кўрсатила бошланди.

Шу йилнинг 8 ойи давомида Фарғона вилоятининг 19 туман ва шаҳар давлат хизматлари марказларига хорижий давлатларда ўқиганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш тўғрисида 1514 та ариза келиб тушган. Шундан Фарғона, Қўқон, Қувасой шаҳарлари ва Қува, Риштон, Сўх туманларида бу кўрсаткич салмоқли қисмни ташкил қилмоқда.

–2008 йилда Қирғиз –ўзбек университетининг педагогика ва бошланғич таълим методикаси факультетини тамомлаганман, – дейди Олтиариқ тумани, Катпут қишлоғида истиқомат қилувчи Марҳабо Ҳолматова. – Шу йилнинг август ойига қадар қийинчилик ва ортиқча ҳужжатбозликнинг кўплигидан хориж диплом-ҳужжатимни нострификация қилишнинг уддасидан чиқа олмаганман. Эндиликда яратилган улкан имкониятдан унумли фойдаланиб Давлат хизматлари маркази орқали хорижий давлатда ўқиганлик тўғрисидаги ҳужжатни нострификациялаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилдим. Тўғриси, содда ва шаффоф тизим орқали юмушларим осонгина ҳал бўлди. Хорижий давлатларда таълим олганлигим тан олинди.

Ёзёвон тумани, Хонобод кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро Ибодат Ғафурова ҳам 2007 йилда Қирғиз-ўзбек университетини тамомлаган. Риштон тумани Меҳнатобод қишлоғида яшовчи Камола Аҳмедова 2011 йилда Баткен давлат университетининг Қизилқия гуманитар педагогика институтини аъло баҳолар билан якунлади. Бироқ  шу кунга қадар бу собиқ битирувчилар мазкур дипломларидан фойдалана олишмаган. Давлат хизматлари марказига керакли хужжатларни тақдим қилганларидан сўнг, И.Ғафурова ҳамда К.Аҳмедоваларнинг хорижий давлатда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжати тан олиниб, ностирификация қилинди.

ЭлёржонЭҲСОНОВ.

(Халқ сўзи)


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!