Уч кунлик чақалоғини 9 минг АҚШ долларга сотаётган аёлга суд ҳукми ўқилди

Уч кунлик чақалоғини 9 минг АҚШ долларга сотаётган аёлга суд ҳукми ўқилди

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек тумани суди томонидан 3 кунлик чақалоғини 9 минг АҚШ долларга сотган онага ҳукм ўқилди. У 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Асли наманганлик Ситора (исм-шарифлар ўзгартирилган) бу йил 23 ёшга тўлди. Ҳали турмушга чиқмаган. Ўтган йили Тошкентга иш излаб келиб, ижарада яшай бошлайди. Ҳадеганда иш топилавермагач, у ижарачи шерикларига қўшилиб, осон йўл билан мўмай даромад топиш илинжида фоҳишалик қила бошлайди.

Ота-онасига “кафеда ишлаяпман”, деб ёлғон гапиради. Аслида, эса...

У кун келиб, нотаниш кимсалардан ҳомиладор бўлиб қолишни хаёлига ҳам келтирмаганди. Ҳомиладор бўлиб қолганини билган Ситора буни яқинларидан яширади. Шу боис ота-онасининг олдига ҳам қайтолмайди. Унинг хаёлларини бу муаммодан қандай халос бўлиш, шармандаликдан қутулиш каби ўйлар чулғаб олади. Ўйлай-ўйлай, охири боласини дунёга келтиришга қарор қилади.

Квартирага келиб-кетиб юрадиган қиз-жувонлар орасида Муҳайё исмли аёл Ситоранинг жонига ора киради. Муҳайё Ситоранинг 8 ойлик ҳомиласидан хабар топгач, фарзандсизлигини айтиб, туғилажак болани сотиб олишни таклиф қилади.

Ситора дастлаб рози бўлмайди. Чунки туғишган опаси ҳам бир неча йилдан бери фарзандга зор эди. Боласи туғилгач, уни опасига беришни ният қилганини айтади. Аммо ҳамхонаси бола учун 15 000 АҚШ доллари таклиф қилгандан сўнг унинг фикри ўзгаради. Бироқ сўнги хулосани чақалоқ туғилгач айтишини билдиради.

Жорий йилнинг 16 август куни у ўғилли бўлади. Уч кундан сўнг туғруқхонадан рухсат бўлгач, келишувга асосан Муҳайёга қўнғироқ қилади. Аёл эса эртага эри Қўқондан келиши, уларда 9 минг АҚШ доллари борлигини, ҳозирча шу пулни беришга қурби етишини айтади. У рози бўлади.

Келишув бўйича эртаси куни соат 18:00 да Ситора келишилган жойда 9000 АҚШ долларини машина ичида олаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора ходимлари томонидан қўлга олинади.

Судланувчи Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!