Тошкентда коронавирусга қарши курашган бир гуруҳ шифокорлар мукофот пули ололмаяпти

Тошкентда коронавирусга қарши курашган бир гуруҳ шифокорлар мукофот пули ололмаяпти

Сайтимизга Тошкент шаҳар “Тез тиббий ёрдам маркази” ходимлари томонидан карантин марказида хизмат қилаётган шифокор ходимларнинг маоши вақтида берилмаётгани, рағбатлантирувчи маблағлардан ҳам хабар йўқлиги энг асосийси ҳар 14 кун ичида коронавирусга тест топшириши керак бўлган шифокорлардан 4 ойдан бери атиги бир маротаба тест олишгани юзасидан мурожаат йўллашди, деб ёзмоқда "human.uz".

“Биз, Тошкент шаҳар Тез тиббий ёрдам маркази 10-марказости кўчма бригадаси шифокорлари Яккасарой тумани, Абдулла Қаҳҳор кўчасида жойлашган коронавирус пандемиясига қарши курашиш штабига қарашли махсус гуруҳда ишлаймиз. Фаолиятимиз давомида коронавирус инфекцияси гумон қилинган шахсларни карантин зонасига, касаллик аниқланган беморларни вирусология илмий марказига, Республика юқумли касалликлар ва эпидемиология илмий текшириш институтига, ТТА иккинчи клиникасига ва бошқа беморлар даволанадиган махсус муассасаларга олиб борамиз.

Биз бундай беморлар билан бевосита мулоқот қиламиз, аҳволи оғирлашиб қолса, уларга биринчи ёрдам кўрсатамиз. Бундан ташқари, халқаро чартер рейсларда юртимизга олиб келинган фуқароларни аэропортда кутиб олиб, айтилган жойга етказдик.

Биз ўз соғлигимиз ва оила аъзоларимиз ҳаётини хавф остига қўйиб бўлса-да, ўз вазифамизни сидқидилдан бажариб келяпмиз.

Жорий йилнинг 26 март санасида “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарор имзоланган эди. Унга кўра, коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда ташхислаш лабораторияларида фаолият юритадиган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ходимларининг ҳар 14 кунлик фаолият даври учун белгиланган миқдорларда тўлов берилиши белгиланган эди.

Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 апрелдаги йиғилиши баённомасига биноан қўшимча моддий рағбатлантириш тартиби ҳақидаги вақтинчалик низом тасдиқланган бўлса-да, бизга ҳалигача қўшимча рағбат пуллари берилмади. Ваҳоланки, фаолиятимиз тегишли Қарор ва Низомда белгиланган бандларга тўлиқ мос келади.

Ишлаётганимизга 4 ой бўлаяпти. Аммо, рағбатлантириш пули қолиб, гоҳида маошимиз ҳам кечиктириб берилган ҳолатлар бўлди. Шунингдек, ҳар 14 кунда биз — шифокорлар коронавирусга тест топширишимиз керак эди. 4 ой давомида эса биздан атиги бир марта тест олишди. Эҳтимол эпидемияни юқтириб, уни тик оёқда ўтказиб юборгандирмиз, организмимизда унга қарши иммунитет ҳам шаклланиб бўлгандир, бу ёғини билмадик. Ахир биз ҳам инсонмиз, оиламизнинг бағрига боришимиз бор, қачонгача ўзимиздан қўрқиб, хавфсираб, гумонда яшашимиз керак?

Раҳбариятга маош, мукофот пуллари ва тест масалалари бўйича бир неча бор мурожаат қилдик. Бизга вазиятни “тўғри тушунтириб”, “ҳаммаси яхши бўлади”, дея ваъда бера-бера эски бош шифокор ишдан олинди. Ҳозир янги келган раҳбар эса бор айбни собиқ бошлиққа ағдараяпти. Биз энди кимга арз қилишга ҳам ҳайронмиз...”

Шифокорлар хавфсизлиги учун тест топширилиши нега пайсалга солиняпти? Қўшимча рағбат пуллари шифокорларга қачон берилади? Мазкур масалалар юзасидан мутасаддилардан изоҳ кутиб қоламиз.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!