Тошкент шаҳар ИИББ: бизнесменнинг қийноққа солингани ҳақидаги хабарларни суд текширади

Тошкент шаҳар ИИББ: бизнесменнинг қийноққа солингани ҳақидаги хабарларни суд текширади

Тошкент шаҳар ИИББ муассаса ходимлари 22 январь куни наркотиклар сақлаганлик учун қўлга олинган «Интеграл-инвест» қўшма корхонаси директори ўринбосари бизнесмен Жаҳонгир Умаровни қийноққа солгани ҳақида хабар берган Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш альянсининг маълумотларини изоҳлади, деб ёзади «Газета.uz».

ИИББ ўз хабарида ҳуқуқ муҳофазачилари томонидан келтирилган далил ва хулосалар шошмашошарлик билан чоп этилганини айтиб, фуқаролар ва ОАВ ходимларидан воқеани нотўғри талқин қилмаслик, суд жараёнлари якунига етгунга қадар хулоса чиқаришга шошилмасликни сўраб қолди.

«Қўлга олиш вақтида Умаров танасида гематома аломатлари аввалдан бўлган. Бу ҳақда унинг ўзи баённома тузиш вақтида тан олган», — дейилади хабарда.

Қўшимча қилинишича, Ж.Умаровга тегишли барча далиллар суд органлари томонидан ўрнатилган тартибда ўрганиб чиқилади.

ИИББ маълумотларига кўра, жорий йилнинг 22 январь куни Ж.Умаровнинг офисида олиб борилган тезкор тадбир натижасида унинг ёнидан 10,22 грамм миқдорда «афюн» гиёҳванд моддаси топилган. Ушбу ҳолат юзасидан Ж.Умаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми (Гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар кўп миқдорда содир этилса — уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан жиноят иши қўзғатилган.

Manba: daryo.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!