«Толибон» Афғонистонда қанча гиёҳванд борлигини айтди

«Толибон» Афғонистонда қанча гиёҳванд борлигини айтди

Афғонистонда 3,5 миллионга яқин гиёҳвандликка ружу қўйган кишилар бор — бу мамлакатдаги 39 миллион аҳолининг 9 фоизини ташкил қилади. Бу ҳақда «Толибон» ҳукумати соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдул Борий Умарнинг баёнотига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

«Мамлакатда 3,5 миллион киши гиёҳванд. Уларнинг ҳар бири кунига, тахминан, 3 долларлик гиёҳванд модда истеъмол қилади», — деди расмий вакил.

Аввалроқ «Толибон» гиёҳвандларни Кобулдаги тиббий марказларга мажбурий даволаниш учун юбора бошлагани хабар қилинганди. Улар наркоманлар тўпланадиган Кобул дарёси бўйидаги кўприклар остида рейдлар ўтказмоқда, қўлга олинганларни гиёҳванд моддалар заҳридан халос қилиш учун 45 кунлик махсус касалхоналарга юбормоқда.

Афғонистонда гиёҳвандлар сони йилдан йилга ортиб бормоқда. Хусусан, 2018 йилда мамлакатда 3 миллионга яқин гиёҳванд моддалар истеъмолчиси бўлган бўлса, улардан бир миллиондан ортиғини аёллар ва болалар ташкил этган. Ўша йили наркоманлар сони 2010 йилга нисбатан 3 баравар ошган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, 2020 йилда Афғонистонда кўкнорини ноқонуний етиштириш учун фойдаланиладиган ер майдони аввалги йилга нисбатан 37 фоизга ошган. 2020 йилда жаҳон опиумини ишлаб чиқаришнинг 85 фоизи Афғонистон ҳиссасига тўғри келган, наркотик ишлаб чиқариш мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 6-11 фоизини ташкил этган.

1996—2001 йилларда, «Толибон» ҳукмронлигининг биринчи даврида, гиёҳванд моддаларни ишлаб чиқариш ва контрабанда қилиш уларнинг асосий даромад манбаи бўлган. Буларнинг барчаси, ўша пайтда гиёҳванд моддаларни назорат қилиш бўйича Олий комиссия тузилганига қарамай, деярли бутунлай толиблар томонидан назорат қилинган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!