Янги таҳрирдаги Конституция: ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди

Янги таҳрирдаги Конституция: ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди

Бугун юртимиз демократик тамойиллар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган принцип ва нормаларга асосланган, бош мақсади халқ учун эркин, обод ҳамда фаровон ҳаёт яратиб беришдан иборат бўлган давлатга айланди. Инсон қадри улуғланадиган демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини қуриш мақсадида кенг қамровли янгиланишлар ва ислоҳотлар амалга оширилди, бу борада бой тажриба тўпланди.

Ўзбекистон ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйиб, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган адолатли ва халқпарвар давлат барпо этиш йўлида долзарб аҳамиятга эга бўлган вазифаларни тўлақонли амалга ошириш мақсадида кўламига монанд ва муносиб бўлган янги мустаҳкам конституциявий маконни шакллантирди.

Юртимизда 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган референдумда янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси иштирок этган фуқароларнинг 90,21 фоизи томонидан ёқлаб овоз бериш орқали қабул қилинганлиги унда халқимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича орзу-умидлари ва интилишлари ўз аксини топганлигидан далолатдир. Референдум кўп миллатли буюк халқимизнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлиги, суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат қуришга қатъий қарор қилганлигининг ишончли ифодаси бўлди.

Дарҳақиқат, янги таҳрирдаги Конституция бевосита халқ томонидан қабул қилинди ва тарихимизда тўғридан-тўғри амалга киритилган биринчи ҳужжат бўлди. Бош қомусимизда ижтимоий давлат принципларига оид нормаларнинг мустаҳкамланиши, хусусан, сифатли таълим ва тиббий хизмат кўрсатиш, ижтимоий эҳтиёжманд қатламни қўллаб-қувватлаш, муносиб меҳнат шароити ва адолатли иш ҳақи тизимини яратиш, ишсизликдан ҳимояланиш, уй-жойга эга бўлишга қаратилган қоидалар билан янада такомиллаштирилди.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлатнинг конституциявий мажбурияти сифатида белгиланиши, эркин бозор механизмларини жорий қилиш, соғлом рақобат ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ янги қоидалар ҳам Асосий қонунимизда аниқ белгилаб қўйилди.

Янги таҳрирдаги Конституцияда барчанинг – бир томондан давлат ва унинг органлари тизими, иккинчи томондан инсон, фуқаро ва жамиятнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари аниқ ва лўнда қилиб, ҳамма учун тушунарли тарзда баён этилганлиги Ўзбекистоннинг янада барқарор бўлишига ва ҳар қандай таҳдидларга қарши ишончли қалқон бўла олиш қобилиятини мустаҳкамлашга асос бўлганлиги ҳам бугунги кун ҳақиқатидир.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, ҳуқуқ ва эркинликлари бундан буён барча соҳаларда устувор аҳамият касб этишини қатъий қоидага айлантириш, бир сўз билан айтганда, “Инсон қадри учун” ғоясини ҳамда бугунги ислоҳотларнинг бош тамойили бўлган “Инсон – жамият – давлат” деган ёндашув янги таҳрирдаги Конституциянинг асл мазмун-моҳияти бўлди.

Шунингдек, янги таҳрирдаги Конституцияда давлат қурилишининг янги стратегик мақсади – ижтимоий давлат қуриш эканлиги белгилаб берилди, ижтимоий адолат ва бирдамлик принциплари жорий этилди, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мутлақо янги механизмларини назарда тутувчи конституциявий асослар мустаҳкамланди.

Ҳокимиятлар бўлиниши принципи ҳамда ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизимининг замонавий концепциясини ҳисобга олган ҳолда, Олий Мажлис, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати ўртасида ваколатлар қайта тақсимланди. Жойларда ҳокимлар ва халқ депутатлари Кенгашлари ваколатлари тақсимланишига асосланган давлат ҳокимиятини ташкил этишнинг янги моделининг ҳуқуқий асослари яратилди.

Давлат томонидан жамиятимизнинг барча аъзолари хотин-қизлар, ёшлар, болалар ҳуқуқлари ҳимояланиши ва уларнинг жамият ва давлат ҳаётида фаол иштироки рағбатлантирилиши кафолатлаб қўйилди. Жумладан, бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, боланинг жисмоний, ақлий ва маданий жиҳатдан тўлиқ ривожланиши учун муносиб шарт-шароитларни яратиш мақсадида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Бу каби мисолларни кўп келтиришимиз мумкин. Бинобарин, амалдаги норматив ҳужжатларни янги таҳрирдаги Конституция нормаларига мослаштириш жараёни узлуксиз давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Конституциясига киритилган янги, замонавий ва жуда муҳим нормаларнинг ҳаётга қатъий ҳамда изчил татбиқ этилиши, Президентимиз таъкидлаганидек, “Инсон қадри биз учун қандайдир мавҳум, баландпарвоз тушунча эмас. Инсон қадри деганда, биз, аввало, ҳар бир фуқаронинг тинч ва хавфсиз ҳаёт кечиришини, унинг фундаментал ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашни назарда тутамиз”.

Бугун Конституциямизнинг янги нормаларида асосий эътибор инсон, жамият ва давлатнинг барқарор ривожланишини таъминлашга қаратилганини ишонч билан таъкидлаш мумкин. Аҳамиятлиси, Янги Ўзбекистонинг ушбу соҳалардаги халқаро мажбуриятларга қатъий содиқлигини намоён этганлиги халқаро ташкилотлар вакиллари ва экспертлар томонидан холис ва тўғри баҳоланди.

Бу эса, ўз навбатида, “Инсон шаъни ва қадр-қиммати учун” тамойили асосида халқ фаровонлигини янада юксалтириш, инсон, фуқаролик жамияти ва давлатни жадал ривожлантириш учун мустаҳкам замин яратди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!