Сут тишини олдириш мумкинми?
Сут тишлари болада 1 ёшгача пайдо бўлиб, 5-6 ёшда доимий тишлар билан алмашади. Баъзан эса тишлар тушмай туриб стоматолог-жарроҳ томонидан суғуриб олинишига тўғри келади.
Бундай амалиётга қандай ҳолларда мурожаат қилинади?
- кариес тишнинг ярмидан кўпини зарарлаган бўлса;
- қимирлаб турган тишнинг тушиши қийин кечиб, болага чайнашда халақит берса;
- бўлинган тиш лунж ёки тилни тирнаб, жароҳат етказса;
- кариес илдизга ўтиб, ён тишларга хавф солса;
- тиш атрофидаги шиллиқ қаватда яллиғланиш ёхуд киста бўлса;
- сут тиши тушмай туриб доимий тиш чиқиб улгурса;
- тишга жиддий жароҳат етиб, синса;
- милкда тешикли яра бўлса;
- пульпит, перидонтит, флегмона, гайморит кузатилса.
Нима бўлганда ҳам, тишни олиб ташлаш қарорини шифокор-ортодонт қабул қилади ва болалар стоматологи томонидан амалга оширилади. Бу стоматологлар учун ҳам охирги чорадир, юқоридаги каби жиддий ҳолатлар юз бермаса, тишни даволашга ҳаракат қилинади. Агар боланинг тиши тушай деб турган бўлса уни уй шароитида олиш катта хато, бу фақат мутахассиснинг ишидир.
