Сурхондарёлик ёшлар ҳарбий машғулотлар билан танишди

Сурхондарёлик ёшлар ҳарбий машғулотлар билан танишди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида қўйилган топшириқлар юзасидан вилоят ҳокими Tўра Боболов томонидан “Сурхондарё вилоятида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва ҳарбий хизматчиларнинг этномаданий қадриятлар тўғрисида” қарор қабул қилинди.

Ушбу қарор ижроси юзасидан вилоятдаги ҳарбий қисмларнинг бирига “Ёшлар – келажагимиз пойдевори” шиори остида тадбир ташкил этилди. Унда Жарқўрғон ва Қумқўрғон туманларидаги умумтаълим мактабларидан 200 дан ортиқ ўқувчи ёшлар иштирок этди.

Устозлар ва ёшлар ҳарбий қисм офицерлари томонидан илиқ кутиб олиниб, улар ҳарбий қисмда яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан таништирилди.

Шунингдек, ўқувчилар ҳарбий қисм ҳудудидаги ўқув жойлари билан ҳам яқиндан танишиб, илк ҳарбий кўникмаларга эга бўлишди. Машғулотларда бевосита иштирок этиб, ҳарбийлар билан самимий суҳбат қуришди. Машғулотлар мобайнида ҳарбийлар ёрдамида турли машқларни бажариб, қурол-аслаҳа ва жанговар техникалар имкониятидан амалда фойдаланиб кўрдилар.

Экскурсия ва тадбир кун мобайнида давом этди. Ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда подполковник Зуфар Юсупов ёшларга миллий қадриятларимизнинг тарбия негизи экани, ҳарбий-ватанпарварлик, достонлар, бахшичилик ва чавандозликнинг келажак авлодга бешикаст етказиб берилишининг муҳимлиги ҳақида гапирди.

Ҳарбий қисмнинг спорт майдонида чавандозлар томонидан от минишнинг сир-асрори ёшларга кўрсатиб берилди.

Tадбир якуни концерт дастурига уланиб кетди. Унда Tермиз гарнизони ҳарбий оркестри ижросида мусиқалар янгради, қўшиқлар куйланди. Сурхондарёлик Шерали бахши Эгамбердиев томонидан “Aлпомиш” достонидан парчалар айтилди.

Шу кунги тадбирлар, ҳарбий машғулотлар ва экскурсия ўқувчи ёшларда катта таассурот қолдириб, хотираларида бир умрга муҳрлангани табиий.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!