Судга ёки терговга чақирув, мажбурий келтириш: муҳим 5 саволга жавоб
Жиноят ишини юритиш муносабати билан суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд томонидан белгиланган тартибда чақирилган шахслар айнан кўрсатилган вақтда ҳозир бўлишлари шарт.
1. Шахс терговга қандай чақирилиши керак?
Гувоҳ, жабрланувчи, шунингдек озодликда юрган гумон қилинувчи, айбланувчи ва судланувчи суриштирувчига, терговчига, прокурорга ва судга чақирув қоғози билан чақирилади.
Чақирув қоғози почта орқали жўнатилади ёки чопар орқали топширилади. Чақирув телефонограмма, телеграмма, радиограмма билан ёки телефакс орқали ҳам бўлиши мумкин.
2. Чақирув қоғозида нималар акс этади?
Чақирув қоғозида шахс ким сифатида, қайси манзилга ва кимнинг ҳузурига чақирилаётганлиги, қайси кунда ва қайси соатга келиши кераклиги, шунингдек узрсиз сабабларга кўра келмай қолган тақдирда қандай оқибатлар рўй бериши кўрсатилган бўлиши лозим.
Чақирув қоғози чақирилувчига топширилиб, тилхат олинади. Чақирув қоғози олиб борилганда чақирилувчи вақтинча йўқ бўлса, унга бериб қўйиш учун чақирув қоғози у билан бирга яшовчи вояга етган оила аъзоларидан бирига, ётоқхона маъмуриятига, уй эгасига ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакилига топширилиб, тилхат олинади.
Қамоқда сақлаш жойларида, реабилитация марказларида, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар сўроқ қилиш учун мазкур жойлар ва муассасаларнинг маъмурияти орқали чақиртирилади.
3. Чақирув қоғози бўйича бориш мажбурийми?
Жиноят ишини юритиш муносабати билан суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд томонидан белгиланган тартибда чақирилган шахслар айнан кўрсатилган вақтда ҳозир бўлишлари шарт.
Узрсиз сабабларга кўра келмаганлари тақдирда улар мажбурий келтириладилар.
4. Мажбурий келтириш нима?
Мажбурий келтириш гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг, жабрланувчининг, гувоҳнинг процессуал ҳаракатларда ёки суд мажлисида иштирок этишини таъминлаш учун, башарти улар узрсиз сабабларга кўра келишдан бош тортганлиги аниқланган тақдирда қўлланилади.
Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчини олдиндан чақирувсиз мажбурий келтириш улар суриштирув, дастлабки тергов ва суддан яшириниб юрган ёки аниқ яшаш жойи бўлмаган тақдирда қўлланилиши мумкин.
Судланувчининг судга келмаганлиги сабабини олдиндан аниқламасдан туриб, мажбурий келтиришга алоҳида ҳолларда, ишни кўриш судланувчи бўлмаганлиги сабабли кейинга қолдирилаётган ва бунда унинг турган жойи тўғрисида маълумот бўлмаган тақдирда йўл қўйилади.
Гувоҳга ёки жабрланувчига нисбатан мажбурий келтиришнинг қўлланилгани уларни кўрсатув беришдан бош тортганлик учун белгиланган жавобгарликдан озод қилмайди.
5. Мажбурий келтириш қандай ҳужжат асосида амалга оширилади?
Суриштирувчи, терговчи, прокурор мажбурий келтириш тўғрисида қарор, суд эса ажрим чиқаради.
Ушбу қарорда ёки ажримда: мажбурий келтирилиши керак бўлган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми; унинг процессуал мавқеи; яшаш ёки иш жойи; мажбурий келтириш учун асослар; шахсни қаерга ва қачон олиб келиш кераклиги; мажбурий келтириш кимга топширилганлиги кўрсатилган бўлиши лозим.