Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 25 декабрь куни Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссиянинг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси, Миллий комиссия раиси Танзила Нарбаева олиб борди.
Тадбирда Миллий ва ҳудудий комиссия аъзолари, мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мажлисда республикамизда одам савдоси ва муносиб меҳнат масалалари бўйича амалга оширилаётган ишлар, халқаро ҳамкорлик доирасида эришилган натижалар ҳамда келгусидаги вазифалар муҳокама қилинди.
Ўтган давр мобайнида соҳага оид миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш, халқаро нормаларни амалиётга кенг татбиқ этиш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан қабул қилинган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, аҳолини замонавий касбларга ўқитиш, юқори даромадли барқарор иш билан таъминлаш, меҳнат учун муносиб ҳақ тўлаш, тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиққанлиги таъкидланди.
Мазкур фармоннинг мантиқий давоми сифатида Президентимизнинг “Камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштириш ва самарадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, Давлат меҳнат инспекцияси ваколатлари кенгайтирилди.
Эндиликда меҳнат инспекторлари меҳнат ҳуқуқлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши юзасидан текширувларни ҳеч бир тўсиқларсиз ўтказиш ваколатига эга бўлди.
Ўз ўрнида ушбу ваколатлардан самарали фойдаланиш корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қонунчилиги талаблари бузилишини камайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенцияларини ратификация қилиш ишлари давом эттирилди. Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилотининг 5 та конвенцияси ратификация қилинди.
Одам савдосига оид жиноятлар учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва одам савдосига оид жиноятлар учун жиноий жавобгарликни кучайтириш бўйича қонун Сенат томонидан маъқулланганлиги қайд этилди.
Соҳада янги лойиҳаларни амалга ошириш, халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг позициясини янада мустаҳкамлаш мақсадида Миллий комиссия томонидан тасдиқланган “йўл хариталари” ижросини таъминлаш борасида қатор натижаларга эришилганлиги қайд этилди.
Мажлисда ижобий натижалар билан бирга, соҳадаги камчилик ва эътибор қаратилиши лозим бўлган масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди.
Амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар ва келгусидаги вазифалар юзасидан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ижтимоий меҳнат масалалари бўйича уч томонлама комиссия, тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда ҳудудлар раҳбарларининг ахбороти эшитилди.
Шу билан бирга, мажлисда келгусидаги вазифалар белгиланди. Мамлакатимизда муносиб меҳнат тамойилларини кенг татбиқ этиш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, одам савдосига қарши курашиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида, сифатли бажарилиши зарур эканлиги таъкидланди.
Ҳар бир йўналиш бўйича чуқур таҳлиллар ҳамда илғор хорижий ва халқаро тажриба асосида 2025 йил учун чораларни белгилаш, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикасида муносиб меҳнат бўйича 2021-2025 йилларга мўлжалланган мамлакат дастури доирасида белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таҳлил қилган ҳолда 2026-2030 йилларга мўлжалланган мамлакат дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Муҳокама қилинган масалалар юзасидан Миллий комиссиянинг тегишли қарори қабул қилинди.