Яшнобод тумани ҳокими ўзини ўзи мукофотлагани ростми?
Ижтимоий тармоқларда “Яшнобод туман ҳокими ўзини 62 миллион сўм билан мукофотлади” мазмунидаги хабарлар тарқалди.
Мазкур хабар юзасидан Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги муаммоларнинг ҳал этилиши, аҳоли билан очиқ, тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш, ҳудудларни ривожлантириш бўйича секторларнинг фаолиятига баҳо беришни назарда тутувчи Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 23 августдаги 536-сон қарорида секторлар фаолияти самарадорлигини баҳолаш Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан автоматлаштирилган онлайн ахборот тизими орқали амалга оширилади. Баҳолаш натижалари бўйича ҳудудлар даражасида “Энг ташаббускор сектор” йўналиши бўйича ғолиблар аниқланиши ва 1-ўрин учун БҲМнинг 200 баравари, 2-ўрин – 150 баравари, 3-ўрин – 100 баравари миқдорида пул маблағи билан рағбатлантирилиши белгиланган.
Шунга мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимининг фармойишига асосан, 12 туманнинг 48 сектори кесимида ўтказилган баҳолаш натижасида Яшнобод тумани ҳокими 1-сектор раҳбари Бахтиёр Раҳмонқулов 2-ўринни эгаллаган ва унга БҲМнинг 150 баравари миқдорида пул мукофоти ажратилиши белгиланган.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, мукофот маблағлари маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланади.
2024 йил 13 мартда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши қарори ижросини таъминлаш мақсадида Яшнобод тумани ҳокимининг 2024 йил 24 октябрдаги қарори қабул қилиниб, Б.Раҳмонқуловга 61,9 миллион сўм ажратилиши кўрсатилган. Ажратилган маблағдан 12,4 миллион сўм ягона ижтимоий тўлов, 5,9 миллион сўм даромад солиғи ушлаб қолиниб, Б.Раҳмонкуловга 43,6 миллион сўм пул мукофоти берилган.
P.S: Бу жараёнда ҳуқуқий меъёрлар бузилмагани маълум қилинмоқда. Лекин, бу мавжуд меъёрларда айрим бўшлиқлар борлигини кўрсатмоқда. Биринчидан, халққа хизмат кўрсатиш сектор раҳбарининг, қолаверса, ҳокимнинг вазифаси. Бунинг учун улар пул маблағлари билан маҳаллий бюджетдан мукофотланиши мантиққа зид. Мукофот олувчининг мукофот берилиши ҳақидаги буйруққа ўзи имзо чекиши ўзини ўзи мукофотлашдан бошқа нарса эмас.