Стратегик ислоҳотлар агентлиги маъмурий жарима чораларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар билдирди

Стратегик ислоҳотлар агентлиги маъмурий жарима чораларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар билдирди

Ўзбекистонда машина ойналарини рухсатномасиз қорайтирганлик учун 8,5 млн сўмлик, пиёдалар йўлакларида транспорт воситасида ҳаракатланганга эса 170 минг сўм жарима белгиланган. Фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш мақсадида инсон ҳаёти ва соғлиғига бевосита дахлдор бўлган ЙТҲлар учун белгиланган жарималарни қайта кўриб чиқиш ва оғирлаштириш зарур, деб ҳисобламоқда агентлик.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги маъмурий жарима чораларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар билдирди

calendar

16:22

46

Ўзбекистонда машина ойналарини рухсатномасиз қорайтирганлик учун 8,5 млн сўмлик, пиёдалар йўлакларида транспорт воситасида ҳаракатланганга эса 170 минг сўм жарима белгиланган. Фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш мақсадида инсон ҳаёти ва соғлиғига бевосита дахлдор бўлган ЙТҲлар учун белгиланган жарималарни қайта кўриб чиқиш ва оғирлаштириш зарур, деб ҳисобламоқда агентлик.

Фото: Fotolia

Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан маъмурий чоралар ва уларнинг содир этилган ҳуқуқбузарликка мутаносиблиги ўрганилди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, бугунги кунда маъмурий жарималар миқдорини белгилаш механизмларининг йўқлиги содир этилган ҳуқуқбузарликка номутаносиб бўлган жарима солинишига сабаб бўлмоқда. Ушбу йўналиш тартибга солинмаганлиги боис манфаатдор давлат органлари томонидан жарималар миқдорини қайта кўриб чиқишга доир қонун лойиҳаларини ташаббускорлик билан ишлаб чиқиш ҳолатлари кўпайиб кетган.

“Масалан, автомобил ойналарини рухсатномасиз қорайтирганлик учун назарда тутилган 8,5 млн сўмлик жарима белгиланганда, рухсатноманинг нархи 11-13 млн сўм бўлган. Бугунги кунда рухсатнома 2,7 млн сўм этиб белгиланган, аммо жарима миқдори эса ўзгаришсиз қолмоқда.

Қозоғистонда автомобил ойнасини қорайтирганлик учун ўрнатилган жарима 468 минг сўмни, Россияда – 60 минг сўмни, Беларусда – 138 минг сўмни ташкил қилади.

Таъкидлаш жоизки, фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти хавфсизлиги билан боғлиқ қоидабузарликлар автомобил ойналарини рухсатномасиз қорайтириш учун белгиланган жарималардан устуворлик жиҳатидан муҳимроқ ҳисобланади”, дейилади агенлик хабарида.

Қайд этилишича, кейинги йилларда йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларининг бузиш оқибатида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари, шу жумладан, инсон ўлимига олиб келаётган ЙТҲлар сони кўпайиб бормоқда. 2023 йилда 9 839 та ЙТҲ содир бўлган, шулардан 9 209 тасида фуқаролар жабр кўрган бўлиб, 2 282 таси одам ўлимига сабаб бўлган.

Ўзбекистонда пиёдалар йўлакларида транспорт воситаларида ҳаракатланиш учун жарима 170 минг сўм, пиёдалар йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтиш учун эса 113 минг сўм. Германияда пиёдани ўтказиб юбормаганлик учун белгиланган жарима миқдори 1,1 млн сўмни, Буюк Британияда 1,6 млн сўмни, Францияда 1,85 млн сўмни ҳамда БААда 1,7 млн сўмни ташкил этади.

Агентлик фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш мақсадида инсон ҳаёти ва соғлиғига бевосита дахлдор бўлган ЙТҲлар учун белгиланган жарималарни қайта кўриб чиқиш ва оғирлаштириш зарур, деб ҳисобламоқда. Шунингдек, агентлик ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида бир қатор мамлакатларда маъмурий жазонинг алоҳида тури сифатида “огоҳлантириш” институти жорий қилингани, бироқ Ўзбекистонда маъмурий жазо тури сифатида “огоҳлантириш” қўлланилмаслигига эътибор қаратган.

Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан жорий маъмурий жарималар миқдорини уларнинг содир этилган ҳуқуқбузарликка мутаносиблигини текшириш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи билан бевосита боғлиқ бўлган ҳуқуқбузарликлар учун жарима миқдорини ошириш масаласини кўриб чиқиш, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс нормаларининг коррупсияга қарши комплекс экспертизасини ўтказиш, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга маъмурий жазонинг алоҳида тури сифатида “огоҳлантириш” институтини киритиш таклиф этилган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!