Собиқ қиролнинг никоҳсиз туғилган қизи малика мақомига эришди

Собиқ қиролнинг никоҳсиз туғилган қизи малика мақомига эришди

Бельгиянинг собиқ қироли Альберт II нинг ноқонуний қизи, рассом Дельфин Боэль малика унвонига эга бўлиш ҳуқуқига эришди. Ушбу қарор Брюссель Апелляция суди томонидан қабул қилинди, деб ёзади Бельгиянинг VRT нашри.

Боэлнинг ўғли ва қизи ҳам шаҳзода ва малика мақомларини олишлари мумкин. Боэль отаси Альбертнинг Саксен-Кобург-Готск фамилияси ва исмига «Ҳазарати олиялари» фахрий унвонини қўшиб айтилиш ҳуқуқини ҳам олди.

Бундан ташқари, у собиқ монарх меросининг саккиздан бир қисмини талаб қилиши мумкин.

«Судда ғалаба қозониш ҳеч қачон ота меҳрининг ўрнини босолмайди, лекин бу адолат туйғусини беради», – дейди Боэлнинг адвокати Марк Уйттендал.

Маълумот учун, Дельфин Боэль 1968 йилда Алберт II ва баронесса Сибилла де Селис Лоншан муносабатлари натижасида туғилган. Ўша пайтда иккаласининг ҳам алоҳида-алоҳида турмуши бор эди. Кенг жамоатчилик уларнинг ишқий муносабати ҳақида 1999 йилдагина билган.

Альберт II 2013 йилда тахтдан воз кечиб, қонуний дахлсизлигини йўқотганида, Боэль унга қарши оталикни тан олишни талаб қилиб судга мурожаат қилган.

Суд 2019 йилда собиқ монархга ДНК тестини топширишни буюрди, бу унинг Боэль  билан қариндошлигини исботлади. 2020 йил бошида Альберт II никоҳсиз туғилган қизини расман тан олди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!