Сирдарёда уйи зарар кўрмаганлар ҳам 40 млн сўм ундирмоқчими?

Сирдарёда уйи зарар кўрмаганлар ҳам 40 млн сўм ундирмоқчими?

Ҳозирги ахборот даврида айрим қўштирноқ ичидаги ижтимоий тармоқлар томонидан фуқароларни муаммоларини ҳал қилишда амалий ёрдам берамиз деб ахборот йиғиш, бир томонлама ўрганилган асоссиз маълумотларни тарқатиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Жумладан, куни кеча "BBC Uzbek you tube" каналида тарқалган мана бу хабарни мисол келтиришимиз мумкин.

Ана шундай хабарлардан бирида “Нега мен 40 миллионга ҳақли эмасман?” Саида Раҳматова тошқин уйига жиддий зарар етказгани, аммо маҳаллий масъуллар “сенинг уйинг яроқли”, дея уни ёрдамга муҳтожлар рўйхатига қўшмаётганини маълум қилади. “Тўғри, 1-совхоз, Учтомдагидек уйимиз қулаб кетмаган, лекин ҳамма жой қулаб кетган. Оғилхона, молхона, деворлар қулаб кетган, полларимиз чўкиб кетган”, дейди у Би-би-си билан суҳбатда. Раҳматованинг сўзларига кўра, уйига жиддий зарар етмаган айрим “чўнтаги бақувват” қўшниларига ёрдам пули ажратилган. “Сенинг уйинг қуламаган, дейди. Мана, ёнимизда фермер – икка-учталаб машинаси бор одам олган. Икки метр девори қулаган. Кўриб кетишларинг мумкин”. У Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари уйини келиб кўриб, оиланинг ёрдам муҳтож эканлигини эътироф этиб кетган бўлса ҳам, маҳаллий ҳокимлик бундай фикрларни инобатга олмаётганини иддао қилади" дея келтирилган.

Айни сарлавҳадаги каби мазмундаги хабарлар бу каби ижтимоий тармоқларнинг тегирмонига сув қуяётгани ва том маънода қуролига айланган десак муболаға бўлмайди. Доно халқимизни бир нақли бор "дўппини олиб ўйлаш керак" бу хақиқатми ё бўхтонми?

Шу ўринда Муҳтарам Президентимиз бошчилигида амалга оширилаётган оқилона сиёсат натижасида, сув тошқини талофатлари зудлик билан бартараф этилгани, талофат кўрган ҳар бир хонадонга ғамхўрлик кўрсатилаётганлиги, қисқа фурсатларда аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишлари олиб борилаётганлигини дунё ҳамжамияти ҳам эътироф этаётганлигини таъкидлаш жоиз.

Инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган демократик жамиятни сўз ва ахборот эркинлигисиз тасаввур этиб бўлмаслигини эътироф этган ҳолда, юқоридаги каби видео, аудио ва матн шаклидаги хабарларни ўзининг ижтимоий тармоқларида урчитаётганларга қуйидагиларни эслатиб ўтмоқчимиз:

Журналист бетараф бўлиши, воқеа-ҳодисаларни холисона ва ҳаққоний ёритиши, муомала маданияти ва очиқлик тамойилларига амал қилиши, ўз касб мажбуриятларини бажаришда ахборот олишнинг қонунга зид усулларидан фойдаланмаслиги (қўрқитиш, таъмагирлик, товламачилик, иғвогарлик, мукофот ваъда қилиш ёки одоб-ахлоқ нормаларига зид бошқа усуллардан фойдаланиш), шунингдек ўз хизмат ваколатларидан шахсий мақсадлари йўлида фойдаланмаслиги, ҳар қандай шароитда ҳам ёлғон ахборот эълон қилмаслиги, далилларни бузиб кўрсатмаслиги ва ижтимоий аҳамиятга эга ахборотни атайлаб яширмаслиги, ўзи тарқатаётган ахборотнинг ишончлилигини текшириш ва холис ахборот тақдим этиш журналистнинг мажбуриятидир.

Афсуски журналист касб этикасининг ушбу меъёрларига деярли амал қилаётгани йўқ. Бундан қандай хулосага келишимиз мумкин. Бу ерда бизни тинч осойишта ҳаётимизни, мамлакатимизда сўнгги йилларда аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотларни, дунё ҳамжамиятида ўз ўрни ва сўзига эга бўлаётганлигини кўра олмаётган учунчи томон борлигини унутмаслигимиз лозим.

Сирдарё вилояти Сардоба сув омбори тошқинида талофат кўрган Оқолтин тумани “Аҳиллик” маҳалла фуқоралар йиғинидаги мавжуд уй-жойларни сув тошқинидан кейинги ҳолатини хатловдан ўтказиш бўйича туман Кенгашининг 8/32-06 сонли қарори асосида Оқолтин туман ҳокими ўринбосари О.Абдуллаев раҳбарлигидаги туман Кенгаши депутатлари, туман молия, кадастр ва бандликка кўмаклашиш маркази мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан “Мирзачўл” кўчасидаги 14 та хонадон, “Тутзор” кўчасидаги 3 та хонадон, “Бирлашган” кўчасидаги 13 та хонадон, “Тикланиш” кўчасидаги 4 та хонадон, “Бирлик” кўчасидаги 3 та хонадон, “Халоскор” кўчасидаги 1 та хонадон қайта хатловдан ўтказилиб ўрганилганда, ушбу хонадонларга тошқин натижасида хонадонларнинг томорқасига сув кирган бўлсада зарар кўрмаганлиги, фуқаролар томонидан зарар кўрмаган бўлсада 40 млн сўмлик сертификат талаб қилишаётганлиги аниқланди. Ишчи гуруҳи ҳамда мутахассисларнинг хулосасига кўра ушбу хонадонлар талофат кўрмаган деб топилган.

Жамолова Шахноза хонадони. Ушбу хонадон ишчи гуруҳи томонидан ўрганилганда, хонадон эгаси Жамолова Шахноза сув тошқинидан 15 кун ўтиб, яъни жорий йилнинг 16 май куни қурилиши битмаган хонадонга 40 млн сўмлик сертификат ундириш мақсадида келиб жойлашади, бундан мақсад қурилиш ишларини якунига етказиб олиб, ўзининг моддий манфаатини кўзлаган.

Бу каби ҳолат Рахматова Саида хонадонида ҳам кузатилди. Ишчи гуруҳи томонидан олиб борилган суриштирувга кўра ушбу девор тошқиндан анча олдин ҳам шундай ҳолатда бўлганлигини қўшнилари ҳам тасдиқлашди.

Таъкидлаш жоизки ушбу оилалар давлатимиз томонидан доимий эътиборда бўлиб, моддий кўмак олиб келганига қарамай ўзи ишонч билдириб сайлаган маҳалла раисини, ғамҳўрлик кўрсатиб келган маҳаллий ҳокимиятни ёмон отлиққа чиқараётганлигини нима билан изоҳлаш мумкин.

Боқимандалик кайфияти вужудимизга ўрнашиб қолмаганмикан? Баъзи фуқароларимиз ҳаммасига масъул раҳбарларни айблашга ўрганиб қолган. Барча муаммоларни «тепадагилар» ҳал қилиб бериши керакдек, гўё.

Ушбу масалалар Сирдарё телеканали ижодкорлари томонидан тасвирга олиш ишлари давомида янада ойдинлик киритилиб, айрим нопок инсонларнинг асл мақсади давлат томонидан ажратилаётган маблағлардан шахсий эҳтиёж йўлида фойдаланиб қолиш эканликлари тўлиқ ўз исботини топди. 

https://m.facebook.com/groups/649483048588031?view=permalink&id=1448517248684603&sfnsn=mo&d=n&vh=i

ВВС томонидан бу бўйича эълон қилинган мақоладаги видеолавҳалар ҳам эски ҳолатдаги тасвирлар бўлиб, мазкур ҳолатда ушбу ОАВни муҳбири ҳозирги ҳолатни жойига бориб ҳақиқий тавсирларни тақдим этмасдан, объектив ёндошмаганлиги ўрганишлар давомида маълум бўлди.

Бундан яққол кўриниб турибдики, вазиятни бўрттириб кўрсатиш учун эски тасвирлардан фойдаланилган. Шу орқали мухбир томонидан асл ҳолат тасвирланмасдан, ёлғон маълумотлар ёритилган.

Сардоба сув тошқинида шуни гувоҳи бўлдикки муҳтарам Президентимиз атрофида бутун халқимиз бирлашди, ўзбек халқидек бир-бирига суянчиқ, елкадош, оғир кунида корига ярайдиган халқ эканлигимизни яна бир бор исботладик.

Гуруч курмаксиз бўлмагани каби мана бундай шукроналик кайфиятидан йироқ бўлган фуқароларимизнинг учраётгани кишининг дилини хира қилади. Хулоса қилиш ўзингиздан...

Сирдарё вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!