Шимолий Хитой технология университети Фарғона политехника институтига йилига бир миллион юангача инвестиция ажратади
Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликнинг янги даври бошланди. Энди икки давлат ўртасида муносабатлар юқори шериклик даражасига кўтарилиб, уни ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур амалга оширилмоқда.
Аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик янада кенгайди. Хитой инвестициялари ҳажми беш баробар, ҳамкорликдаги қўшма корхоналар сони эса уч баробар кўпайди. Хитой компаниялари ва молиявий институтлари иштирокида юқори технологиялар, муқобил энергетика, кимё, машинасозлик, металлургия, электротехника тармоқларида, шунингдек, инфратузилмаларни модернизация қилиш ва бошқа йўналишларда йирик инвестиция лойиҳалари рўёбга чиқариляпти.
Юқоридаги муҳим мақсадли йўналишлар билан бир қаторда икки давлат ўртасидаги ижтимоий-гуманитар ҳамкорлик ҳам йил сайин мустаҳкамланиб, кенгайиб бормоқда. Айни кунда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида таълим алмашинуви кенгаймоқда.
Хитойда ўзбекистонлик 5 мингга яқин талаба таҳсил олади. Хитой ҳар йили Ўзбекистонга хорижда ўқиш учун 100 га яқин давлат стипендияси, шунингдек, чет элда таълим олиш учун кўплаб университетлараро стипендия дастурларини тақдим этмоқда. Хитой тили ўқитувчиларини Ўзбекистонга юбормоқда ва хитой тили курсларини очишни қўллаб-қувватламоқда. Шу билан бирга, икки давлат университетлари ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу ҳамкорлик 23-25 январь кунлари Президентимизнинг ушбу мамлакатга ташрифи доирасида ташкил этилган Ўзбекистон-Хитой таълим форуми ҳам икки давлатнинг таълим тизими янада юксалиши, янги саҳифалари очилишига хизмат қилади.
Форум доирасида икки давлат олий таълим муассасалари ўртасида 70 та икки томонлама ҳужжат имзоланди, 5 та олий таълим муассасаси ўртасида қўшма таълим дастурларини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди. Мазкур қўшма таълим дастури асосида ўзбекистонлик 300 дан ортиқ талаба Хитойнинг илғор университетларида таҳсил олиш имкониятига эга бўлади. Шу билан бирга, ўзбекистонлик юздан ортиқ талаба учун грант дастурлар ташкил этишга келишилди.
Ўзбекистон ва Хитой олий таълим муассасалари ҳамкорлиги тўғрисида Пекин декларацияси қабул қилинди. Декларация доирасида икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасида институционал платформа яратиш, Хитой—Марказий Осиё таълим ҳамкорлиги моделини шакллантириш, академик алмашинув дастурларини янада ривожлантириш, қўшма тадқиқотлар ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида аниқ фанлар, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги, АКТ, гуманитар фанлар, тиббиёт ва фармацевтикага бағишланган панель сессиялар бўлиб ўтди. Мазкур шўъба сессияларининг муҳим йўналишларидан бири “Муҳандислик, қишлоқ хўжалиги ва ахборот технологиялари соҳаларида ҳамкорлик” деб номланиб, унда юртимизнинг етакчи соҳа университетлари ҳамкорлик йўналишлари бўйича тақдимотлари билан қатнашди ва самарали келишувларга эришилди.
Таълим форумида Фарғона политехника институти Хитойнинг иккита олий таълим муассасаси билан ўзаро самарали ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйди. Шимолий Хитой технология университети, Шимолий Хитой электр энергетикаси университети вакиллари билан учрашувларда талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ҳамда қисқа ва узоқ муддатли стажировкалар, қўшма илмий лойиҳаларни йўлга қўйиш, маъруза ўқиш, семинар, маҳорат дарслари ташкил этиш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш бўйича икки томонлама ҳамкорлик шартномалари имзоланди.
Хитойнинг етакчи олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурларини жорий қилиш борасида ҳам амалий натижаларга эришилди. Хусусан, Хитойнинг Тианжин технологиялар университети ҳамда Тианжин хорижий тиллар (фанлар) университети билан профессор-ўқитувчилар ва талабалар академик алмашинувини, қисқа муддатли малака ошириш ва илмий стажировкаларини ташкил этиш, ҳамкорликда халқаро ва маҳаллий лойиҳаларда иштирок этиш бўйича шартномалар тузилди. Бу, ўз навбатида, институт профессор-ўқитувчиларига халқаро интеграция учун йўл очиб, уларнинг мазкур олий таълим муассасасида ташкил этилган академик алмашинув дастурлари, лойиҳалар, ўқув курслари, семинар ва конференцияларда иштирок этишига замин яратиб беради. Шунингдек, талаба-ёшларнинг мазкур университетларда таълим олиши, соҳа бўйича янги билимларга эга бўлиши ҳамда хорижий тилларни ўрганиши учун барча имконият яратиб берилиши қайд этилган.
Шимолий Хитой технология университети томонидан Фарғона политехника институтига лойиҳалар учун умумий қиймати йилига бир миллион юангача бўлган миқдорда инвестиция ажратилиши белгиланди. Бу институт олимларининг халқаро миқёсдаги лойиҳаларда иштирок этишини таъминлайди.
Ўктам САЛОМОВ,
Фарғона политехника институти ректори,
техника фанлари доктори
