Шифокор болаларда учрайдиган камқонлик белгилари ҳақида маълумот берди

Шифокор болаларда учрайдиган камқонлик белгилари ҳақида маълумот берди

Анемия — жаҳон бўйлаб кенг тарқалган касалликлардан бири. Халқ орасида бу патология камқонлик ҳам деб аталади. ЖССТ ҳисоботига кўра, дунёда аёлларнинг тахминан 30 фоизи, ҳомиладорларнинг 37 фоизи ва олти ойликдан беш ёшгача бўлган болаларнинг 40 фоизи шу дарддан азият чекмоқда.

Хўш, анемияни қандай омиллар келтириб чиқаради? Касаллик қайси белгилар билан намоён бўлади? Хавфли асоратлари борми? Камқонликни қандай даволаш мумкин?

Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси илмий-амалий тиббиёт маркази шифокори Шерзод Нуринбетовдан ушбу саволларга жавоб олдик.

— Қон таркибида темир моддасини ўз ичига олган ва унга қизил тус берувчи мураккаб оқсил – гемоглобин моддаси бутун тана бўйлаб кислород ташиш вазифасини бажаради, — дейди мутахассис. — Агар гемоглобин етишмовчилиги кузатилса, организмда кислород танқислиги юзага келади. Оқибатда бу ҳолат турли касалликларнинг ривожланишига йўл очади.

Беморларда камҳаракатлик, чарчоқ, уйқучанлик, иштаҳа пасайиши ва вазн етишмаслиги кузатилади. Тери оқариб, тирноқлар ва сочлар мўртлашади. Тил яллиғланиб, оғиз атрофида юзаки яралар пайдо бўлади.

Асаб тизими фаолияти бузилади, тез-тез бош айланиши, оғриши, қулоқларда шовқин кузатилади. Анемия кучайгани сайин қўллар ва оёқлар доимий музлайди. Хасталикнинг оғир ҳолатларида эса ҳушдан кетиш, тахикардия, нафас қисиши қайд этилиши мумкин.

Камқонликка чалинган гўдаклар ривожланишда анча ортда қолади, юқумли касалликларга тез чалинади.

Ушбу патологиянинг энг кўп тарқалган сабабларидан бири организмда темир моддаси етишмовчилигидир. Бу — кундалик истеъмол маҳсулотларида керакли витамин ва озуқаларнинг етишмаслиги, экологиянинг ёмонлашуви каби омиллар билан боғлиқ.

Шунингдек, чақалоқларда кузатиладиган анемия ҳомиладорлик давридаги муаммолар — қон кетиш, ҳомиланинг тушиш хавфи, онадаги юқумли касалликлар туфайли юзага келади. Эрта туғилган болаларда ҳам бу хасталик кўп учрайди.

Касалликни эрта босқичда аниқлаш муҳим. Ташхис қўйишда, аввало, педиатр-шифокор кўригидан ўтиш лозим. Қолаверса, гастроэнтеролог, нефролог, аллерголог, гематолог ва бошқа тор доирадаги мутахассислар текшируви ҳам талаб этилиши мумкин.

Анемиянинг енгил шакли темир моддасига бой таом ва маҳсулотлар ҳамда ушбу микроэлементни ўз ичига олган озиқ-овқат қўшимчаларига асосланган махсус парҳез билан даволанади.

Камқонликнинг оғир шаклларида шифокор томонидан зарур дори-дармонлар тайинланади. Ўз навбатида, тиббий кўрсатмага мувофиқ, организмга қон ёки унинг элементларини қуйиш талаб қилиниши мумкин.

Ҳар икки ҳолатда ҳам беморларга соғлом овқталаниш, кўпроқ тоза ҳавода сайр қилиш, жисмоний фаол ҳаёт тарзи, уйқу режимига қатъий амал қилиш тавсия этилади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!