Шерназар Абдуназаров: "Ўз ишини севиш ва уни чуқур ўрганиш — муваффақият калити"
Самарқанд вилояти Пахтачи туманининг фахрланишга арзийдиган фарзанди Шерназар Абдуназаров – бир нечта муваффақиятли бизнеслар таъсисчиси ва бошқарувчиси, савдо, ишлаб чиқариш ва энергетика соҳаларида самарали лойиҳалар амалга оширган ишбилармон. Аммо у ўз фаолиятини солиқ соҳасида, бугунги ёшлар номини ҳам эшитмаган ЭҲМ (электрон ҳисоблаш машинаси) оператори лавозимидан бошлаган. Биз унинг босиб ўтган йўлини ҳикоя қилар эканмиз, Шерназар Абдуназаровдан муваффақият сирлари ҳақида сўрадик.
Тўғри вақтда, тўғри жойда, зарур қуроллар билан
"Тўғри вақтда тўғри жойда бўлиш муҳим. Аммо тўғри билим ва кўникмалар билан шай бўлиш ундан ҳам муҳим", — дейди Шерназар aka.
"Мен мактабни аъло баҳоларга битираётган пайтимда Тошкентда янгидан очилган Молия ва иқтисодиёт коллежида ўқиш имконияти пайдо бўлди. Айнан мен мактабни битираётган 1997 йилда Ўзбекистон кадрлар тайёрлаш бўйича миллий дастурини қабул қилди ва унга кўра 9 йиллик мактабдан кейин 3 йиллик касбий таълим олиш мумкин эди. Ўша йили мен коллежга молия йўналиши бўйича ўқишга қабул қилинганман", — деб эслайди у.
Тошкент молия ва иқтисодиёт коллежидаги таҳсили Шерназар Абдуназаровга, аввало, ўз кучига ишониш, ўша пайтда замонавий ҳисобланган компьютерларда ишлаш ҳамда молия соҳасидаги асосий билимларни эгаллаш имкониятини берди.
“Self-made” солиқчи: Пахтачи ДСИдаги ҳужжатлар омборидан вилоят солиқ бошқармасигача
Коллежни тамомлаб, 19 ёшида Шерназар Абдуназаров Самарқанд вилояти Пахтачи тумани солиқ инспекциясига ЭҲМ оператори сифатида ишга киради. Хўжалик юритувчи субъектлардан маълумотлар тўплаш, ҳужжатларни тартибга солиш, уларни компьютерга киритиш ва вилоят ҳамда республика қўмиталарига маълумот етказиш вазифаларини бажарган ёш мутахассис ортидан статист-таҳлилчи лавозимига тайинланади. У ерда самарали фаолият юритгандан сўнг, ўз устида ишлаши ва қобилияти туфайли Самарқанд вилояти солиқ бошқармасига ишга қабул қилинади.
"Солиқ бошқармаси мен учун катта мактаб бўлди. Солиқ инспекторлигидан бошлаб бўлим бошлиғи ўринбосаригача кўтарилдим", — дейди суҳбатдошимиз.
12 йил солиқ тизимида ишлаганидан сўнг, у гўёки соҳада эришадиган чўққиларга етиб келганини ҳис қилади. Бир муддат "Агробанк" акциядорлик тижорат банкида ишлаб, кейин эса ҳаётида янги босқични бошлайдиган қарор қабул қилади.
Булвар ва “Salamander”
Олий маълумотли ҳамкасблари билан тенг ишлаб, бир хил маош олса ҳам, Шерназар Абдуназаров билим олишга, шахсий ва касбий жиҳатдан ўсишга интилади. Бу интилиш уни Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти иқтисодиёт факультетига олиб келади.
"Тўрт йил умрим гўзал ва кўҳна Самарқанд шаҳри булварида, институт аудиторияларида, кўп устозлар ва ҳамфикр курсдошларим орасида ўтди", — деб эслайди Шерназар aka. "Иқтисодиёт факультетида менга бухгалтерия, ҳисоб-китоб, солиқ ва молия фанлари айни муддао бўлган. Талабаликка қайтгач, менда янги шижоат пайдо бўлди ва Самарқандда 'Salamander' пойабзал маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчи дўкон очдим. Немис сифатини самарқандликлар оёқ кийим маданиятига олиб кирдим. Институтда ўрганаётган назарияларимни тушдан кейин амалиётда қўллардим. Қийинчиликлар ва таваккалчиликлар кўп бўлганига қарамасдан, бизнес менга жуда ёқиб қолганди. Қийинчиликларни енгиб ўтишда менга 12 йиллик солиқчилик тажрибам, қонунчилик ва ҳисоб-китобни яхши билишим катта ёрдам берди."
Давлат ишига қайтиш ёки бизнес қилиш ўртасидаги дилемма
"Савдоларимиз яхши бўлишига қарамасдан, 'Salamander' бизнеси мен учун асосий фаолият эмас, балки хобби ёки қўшимча ишдек эди. Шунинг учун институтни битирганимдан кейин мени туғилган туманим — Пахтачи тумани давлат солиқ инспекциясига раҳбарлик лавозимига таклиф қилишганда, рад этишга имкон йўқ эди.
Аммо ортидан бизнесга бўлган қизиқиш устун келди ва шерикларим билан бирга 'Лола Универсал Савдо' МЧЖни ташкил этиб, мева, сабзавот ва кўкатлар сақланадиган музлатгичли омбор қурдик. Деҳқон хўжаликлари маҳсулотларини сақлаш ҳамда улгуржи савдо билан шуғуллана бошладик", — дейди Шерназар Абдуназаров.
У қурган музлатгичли омборхона 1,5 минг тонна сиғимга эга бўлиб, ҳудуддаги энг катталардан бири ҳисобланарди ва деҳқон ҳамда фермер хўжаликларига сифатли хизмат кўрсатарди.
2021 йилда суҳбатдошимиз ўзини камтарона деб таърифласа-да, Пахтачи тумани аҳолиси ва мутасаддилари юксак баҳолаган хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Мустақилликнинг 30 йиллиги” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Қурилиш, энергетика ва қурилиш материаллари соҳасига кириб келиш
"2017 йилда солиқ тизимидан кетиб, тадбиркорликни бошлашимнинг сабаби — бизнесга бўлган қизиқишим ва, энг муҳими, Ўзбекистонда бошланган ислоҳотлар дастури эди. Янги раҳбар келгач, мамлакатда тадбиркорлик муҳити, ишбилармонлик учун шароитлар анча яхшиланди. Шу имкониятдан фойдаланиб, аввал 'Лола Универсал Савдо' МЧЖни, кейин эса 2022 йилда 'Jamshid Build Cluster' МЧЖни ташкил этдик ва кенг кўламли бизнес фаолиятини йўлга қўйдик.
'Jamshid Build Cluster' — Россия ва Туркманистон билан ҳамкорликда очилган қўшма корхона бўлиб, асосан қурилиш соҳасида фаолият юритмоқда. Корхонамиз ҳозирда оҳак ишлаб чиқариш ҳамда шамол генераторлари қуриш бўйича амалга оширган ишлари билан фахрланишга сазовор."
Маҳбуба Ҳасанова суҳбатлашди.
