Шахмат: Бугун “Qatar Masters Open” ғолиби аниқланади

Шахмат: Бугун “Qatar Masters Open” ғолиби аниқланади

Ғолибликка даъвогарлар сафида ҳамюртларимиз Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров ва Нодирбек Ёқуббоев ҳам бор.

Ўн кундан буён шиддатли баҳслари билан дунё шахмат ишқибозларининг диққат марказида бўлган “Qatar Masters Open” турнири ҳам охирги нуқтага яқинлашмоқда. Мусобақа ғолиблигига асосан кимлар даъвогарлиги деярли маълум бўлиб қолди.

Бугун, 20 октябрь куни ўтказиладиган 9-тур ўйинлари “Qatar Masters Open”нинг бош соврини кимга, совринли ўринлар қайси шахматчиларга насиб этишини белгилаб беради.

Эътиборли жиҳати, Доҳада кечаётган нуфузли турнир ғолиблигига бир эмас, 3 нафар истеъдодли гроссмейстеримиз асосий даъвогарлар қаторидан жой олиб турибди.

Ортда қолган турлар сарҳисобига кўра, ҳозирча 6,5 очко билан ҳиндистонлик Аржун Эригайси етакчилик қилаётган бўлса, ундан кейинги поғонада 6 очкога эга 6 нафар шахматчи унга рақобат кўрсатмоқда. Улар орасида Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров ва Нодирбек Ёқуббоев ҳам бор.

Кеча ўтказилган 8-тур ўйинларида 6 нафар ўзбекистонлик шахматчилар узаро куч синашди. Жавоҳир Синдоров-Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидов-Абдумалик Абдусаломов қарама-қаршилигидаги баҳсларда муроса йўли танланди ва ҳар бири 0,5 очкога эга бўлди.

Жаҳонгир Воҳидов ҳамда Нодирбек Абдусатторов “дуэли”да эса Нодирбек 1 очко жамғаришга муваффақ бўлди. Айнан ушбу очко етакчи шахматчимизни “Qatar Masters Open”нинг бош совринига даъвогарлик мақомига олиб чиқди, дейиш мумкин.

Халқаро турнирнинг бугун ўтказиладиган сўнгги 9-тур ўйинларида турнирда етакчилик қилаётган Аржун Эригайси ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов билан куч синашади. Мусобақанинг марказий учрашуви сифатида талқин этилаётган беллашувда терма жамоамиз аъзоси оқ доналарда ҳаракатланаётгани кичик устунликни тақдим этаётган бўлса-да, 14 ёшида гроссмейстерлик даражасига эришган Аржун қора доналарда ҳам эркин ҳаракатланиши билан ажралиб туради.

Айтиш лозим, Абдусатторов-Аржун нуфузли мусобақаларда 7 марта куч синашган. Ўтган мусобақаларда Нодирбек ҳиндистонлик шахматчини 3 марта мағлубиятга учратган. 2 бор дуранг ва 2 та мағлубият ҳолатида саккизинчи бор рўбарў келмоқда.

Шунингдек, 9-турда Мурали Картикеян-Нодирбек Ёқуббоев, Аниш Гири-Жавоҳир Синдоров, Сл Нараянан – Хикару Накамура баҳслари “Qatar Masters Open” турнирининг ғолибини аниқлашда муҳим ҳисобланади.

Бугунгача “Qatar Masters Open”да 1 нафар шахматчи 6,5 очкога, 6 нафар шахматчи 6, 11 нафари 5,5, 22 нафари 5, 23 нафари эса 4,5 очкога эга бўлиб турибди.

Эслатиб ўтамиз, Доҳада поёнига етиб бораётган халқаро турнирнинг мукофот жамғармаси 108 минг 250 АҚШ долларидан иборат бўлиб, ғолиб шахматчи 25 минг, 2-ўрин соҳиби 15 минг ва учинчи ўринни қўлга киритган шахматчи 10 минг АҚШ долларига эга бўлади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!