Шавкат Мирзиёев: «Ўзбекистон томонга бирорта ўқ отилмаслиги учун ҳар қандай мулоқотга тайёрман»

Шавкат Мирзиёев: «Ўзбекистон томонга бирорта ўқ отилмаслиги учун ҳар қандай мулоқотга тайёрман»

Президент Шавкат Мирзиёев 27 август куни Навоий вилоятига ташрифи доирасида Афғонистондаги вазият, «Толибон» билан олиб борилаётган мулоқот ҳақида ҳам тўхталиб ўтди.

«Толибон билан кеча ёки бугун эмас, икки йил олдин мулоқотни бошлагандик. Телевизорда кўрган бўлсангиз, уларнинг Доҳадаги раҳбари Мулла Абдул Ғани Биродар жаноби олийлари ҳам ўшанда Ўзбекистон халқига, Ўзбекистон томонига бирорта ўқ отилмаслиги бўйича ваъда берганди. Ваъдасини бажараётгани учун ҳам улар билан мулоқот қилишимиз табиий.

Менга халқимнинг тинчлиги керак, осойишталиги керак. Фақат ва фақат ўзбек халқимнинг, жонажон Ўзбекистоннинг тинчлигига таъсир кўрсатадиган омил бўлса, ким бўлишидан қатъи назар, мулоқотга киришишга тайёрман.

2 йил олдинги таҳлилларимиз толибларнинг кучайишидан далолат берган эди. Шунинг учун икки йил олдин улар билан мулоқотларни бошлагандик», — дея унинг сўзларини келтириб ўтди блогер ва ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов америкалик телебошловчи Деннис Уоли билан This Is America ТV телелойиҳаси доирасида бўлиб ўтган интервьюсида Ўзбекистон «Толибон» етакчилари билан тўғридан-тўғри алоқани ўрнатган биринчи мамлакат бўлганини айтиб ўтганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!