Севимли онанинг қизи билан суҳбати

Ҳазрати Оиша розияллоҳу анҳо билан Фотима розияллоҳу анҳо тез-тез ўтириб гаплашиб, ўзаро кулишиб турар эдилар. Бир куни Фотима розияллоҳу анҳо Оиша розияллоҳу анҳо олдиларида кулимсираб турган эдилар. Оиша розияллоҳу анҳо: «Нима гап?» дедилар. Фотима розияллоҳу анҳо: «Дилимга бир гап келди», дедилар. Оиша розияллоҳу анҳо: «Нима гап?» дедилар. Фотима онамиз: «Сиз Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қизи бўлсангиз, мен Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлариман», дедилар. Бу гапни эшитган Оиша онамиз бир оз безовта бўлиб, Пайғамбаримизни таърифлашга киришдилар. Эй Фотима, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сабабли бизга иймон насиб қилди, у киши сабабли Қуръон бизга насиб бўлди, у киши орқали Аллоҳ таолони танидик, у киши сабабли Ислом бизга келди деб, Пайғамбаримизга жуда кўп ва чиройли таърифлар бериб:«Фотима менинг хаёлимга ҳам бир гап келди», дедилар. Фотима онамиз: «Нима гап?» деб сўрадилар. Оиша розияллоҳу анҳо дедилар: «Эй Фотима, сизнинг рафиқингиз Али Муртазо бўлса, менинг рафиқим Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар». Бу сўзларни эшитган Фотима онамиз жим бўлиб қолдилар. Оиша онамиз: «Фотима, менинг хаёлимга яна бир гап келди», дедилар. Фотима онамиз: «Нима гап?» дедилар. Оиша онамиз: «Эй Фотима, қиёмат куни ҳар бир инсон жуфт-жуфти билан юрганида, сизнинг қўлингиз Али муртазо қўлида, менинг қўлим эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларида бўлади», дедилар. Даврага бир оз сукунат тушгач яна Оиша онамиз: «Фотима, менинг хаёлимга бир гап келди», дедилар. Фотима онамиз: «Нима гап?» деб сўрадилар. Оиша онамиз:«Эй Фотима, сиз жаннатда жаннатий аёлларнинг сардори сифатида бир тахтда бўласиз. Сизни ёнингизда Али розияллоҳу анҳу бўлади. Мен ҳам бир тахтда бўламан. Лекин менинг ёнимда Расулуллоҳ бўладилар», дедилар.
Аллоҳ таоло Оиша онамизга шунчалар фаҳм-фаросат бергандики, ўзлари ҳам бу ҳақда бот-бот таъкидлар эдилар. Оиша онамиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга теккан ягона бокира аёл бўлганлар. У зот ёшликдан Пайғамбаримиз назоратларида ўсдилар ва у кишининг хизматларида қоим бўлдилар. У киши балоғатга етганларидан кейин илк назарлари Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга тушган. Пайғамбаримизнинг бошқа олган аёллари ё тул, ё талоқ қилинган бўлганлар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр кунидан бир кун олдин кечаси бир нарса қидириб юрган эдилар. Оиша онамиз: «Эй Аллоҳнинг маҳбуби! Нима излаяпсиз?» деб сўрадилар. Расулуллоҳ: «Ислом байроғи учун бир мато изламоқдаман», дедилар. Шунда Оиша онамиз ўзларининг усти қора йўл-йўл, ости оқ бир ёпинчиқларини олиб чиқиб бердилар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Оиша онамизнинг шу матоларини Ислом байроғига айлантирдилар. Оиша онамиз бундан фахрланиб, айтиб юрар эдилар.
Оиша онамизга берилган яна бир инъомлардан бири, Аллоҳ таоло саломини Жаброил алайҳиссалом томонидан қабул қилиб олишлари бўлган. Яна шундай икромлар сирасига Оиша онамизнинг Қуръони Каримда бароатлари зикр қилинишидир. У киши буни ҳам жуда кўп эслаб айтардилар: «Юсуф алайҳиссаломга ҳам, Марям онамизга ҳам менга қилинган туҳмат бўлган. Уларнинг маъсумлигига Аллоҳ таоло бир чақалоқни гувоҳ қилиб гапиртирган. Лекин менинг маъсумлигимни Ўзининг каломи Қуръон билан собит қилган». Бу ҳақда Нур сурасининг 16-ояти нозил қилинган. Яна бир улуғ неъматлардан бири Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўлим тўшагида ётганларида Оиша онамиз уйларида бўлганлар. У Зот бу дунёдан абадий дунёга риҳлат қилаётганларида бошлари Оиша онамиз кўксиларида бўлган. Бу ҳақда Оиша онамиз жуда кўп гапирар эдилар. Бу инсон қандай ҳам улуғ насиба эгаси-я!
Икки кишининг кўкси Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларига иззат бахш этиб, сиддиқ мақомига эга бўлди. Улардан бири Расулуллоҳнинг рафиқалари, мусулмонлар онаси Оиша розияллоҳу анҳо. У киши Пайғамбаримиз вафот этаётганларида ўз кўксиларини Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларига бахш этиб икром кўрсатдилар ва Аллоҳ таоло у кишига сиддиқа номини берди. Иккинчилари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу бўлиб, ғорда Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошларига кўксиларини бахш қилиб, сиддиқ номига эга бўлганлар.
Оиша сиддиқа розияллоҳу анҳога берилган шундай буюк эҳтиромлар ҳақида баъзи-баъзида савол пайдо бўлади. Эй Уммул мўминин, Набий алайҳиссаломнинг мунаввар юзлари сизнинг кўз олдингизда эди. Ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзлари Қуръон каби эди. Сиз бир қори аёл сифатида ўтириб, ушбу Қуръондан тиловат қилаётган эдингиз. Шу маҳал Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этдилар. Оиша онамиз ўзларига насиб қилган яна бир буюк неъматлар сифатида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишининг кўксиларида бу оламдан риҳлат қилганларини ҳисоблар эдилар. Қиёмат куни ўша кўксидан бошларини кўтариб, умматларини шафоат қиладилар. Аллоҳ таоло Оиша онамизга кўплаб улуғ-улуғ неъматларни инъом қилган. Кўплаб бизгача етиб келган ҳадисларнинг ривояти ҳам Оиша онамизга тегишлидир. У кишининг илмий мартаба ва илмий мақомлари жуда катта бўлган.
Мавлоно Зулфиқор Соҳиб Нақшбандий
Абдуманнон Жаъфар таржимаси