Саид-Абдулазиз Юсупов қамоқдан озод этилди

Саид-Абдулазиз Юсупов қамоқдан озод этилди

2019 йилнинг 10 май куни Жиноят кодексининг 168-моддаси («Фирибгарлик») билан айбланиб, қўлга олинган Саид-Абдулазиз Юсупов 8 июль куни қамоқдан озод этилган.

Юсуповнинг адвокати Арслон Шаймардонов Kun.uz’га мижози етказилган зарар қоплангани учун озодликка чиқарилганини маълум қилди.

Бош прокуратура расмий баëнотига кўра, Саид-Абдулазиз Юсупов «ўзини Давлат хавфсизлик хизмати масъул ходими деб таништириб, фирибгарлик йўли билан одамлардан жуда катта миқдорларда пул олган»ликда айбланган.

Қўлга олинишидан икки кун ўтиб Юсуповнинг 2018 йили 25 сентябрда ёзиб олинган видеомурожаати пайдо бўлган, видеомурожаатда у жиноят иши сохталаштирилганини иддао қилган эди.

Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев 2019 йил 14 июнь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Юсуповнинг иши назоратда эканини маълум қилганди.

«Юсупов иши» ёпиқ судда кўриб чиқилган, оммавий ахборот воситаларига жараённи ёритиш имкони берилмаган эди.

Маълумот учун, Саид-Абдулазиз Юсупов 1982 йилда Навоий вилоятида туғилган, миллати – ўзбек, Ўзбекистон фуқароси, маълумоти – олий, оилали, қўлга олингунга қадар Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори вазифасини бажарувчи бўлиб ишлаган.

Айни пайтда Юсупов раҳбарлик қилган жамоат фонди фаолият кўрсатмаяпти.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!