Россиялик аёлларга 18 ёшданоқ туғиш тавсия қилинди
Россия Федерацияси парламентининг юқори палатаси – Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко мамлакат аёлларини 18 ёшданоқ фарзанд кўришга чақирди.
“Демография соҳасидаги энг асосий вазифа менталитетни ўзгартиришдан иборат деб биламан. Дуруст, аҳил-иноқ, катта ва мустаҳкам оилага эга кишигина муваффақиятга эришган деб ҳисобланиши керак. Фарзанд кўриш кенг урфга айланмоғи лозим. Ҳозиргидек 28-29 ёшда эмас, балки аёл вояга етгандаёқ туғиши меъёрга айланиши зарур”, – деган В.Матвиенко “Московский комсомолец” газетасига берган интервьюсида.
Парламент юқори палатаси спикери фикрича, аёллар туғишни ортга сурмаслиги керак, чунки тиббий ёки бошқа сабабларга кўра кейин фарзанд кўриш имкони бўлмаслиги мумкин.
Маълумот ўрнида: 76 ёшли Валентина Матвиенконинг ўзи битта фарзандни (Сергей Матвиенко) вояга етказган. У 1973 йили, яъни 24 ёшида туққан.
Таҳлилларга кўра, Россия аҳолиси йил сайин камайиб бормоқда. 2025 йил 1 январь ҳолатига кўра, мамлакат аҳолиси 146 028 325 кишини ташкил этган. Шу тариқа 2024 йилга нисбатан Россия нуфуси 0,08 фоизга камайган.
Ҳисоб-китобларга қараганда, 2045 йилга бориб Россия аҳолиси 138,8 миллион ёки 130,6 миллионга қадар камаяди. Бу рақамларда Украинага қарши урушдаги инсоний талафотлар инобатга олинмаган.
Баъзи олимлар Россия аҳолиси 2100 йилга бориб 74 миллиондан 112 миллионга қадар камаяди деб ҳисоблайди. Демографик танглик эса мамлакат учун улкан ижтимоий-иқтисодий муаммолар келтириб чиқаради.
Шу боис сўнгги йилларда Россия раҳбарияти аҳолини кўпроқ ва эртароқ фарзанд кўришга ундамоқда.
“Оталик ва болалик, фарзандлар бу – бахт, бу бахтга эришишни ортга сурмаслик керак”, – деган эди президент Владимир Путин жорий йил октябрь ойида Демография ва оила сиёсати кенгаши йиғилишида.
У, шунингдек, ёшларни ўқиш ва карьера важидан фарзанд кўришни пайсалга солмасликка ундаган.
Аввал хабар берганимиздек, Путин 2024 йилда ҳам мамлакатда туғилишнинг умумий даражасини ошириш ҳақида фармон чиқарганди. Ҳужжатда туғилишнинг умумий коэффициенти 2030 йилга бориб 1,6 нафарга, 2036 йилда эса 1,8 нафарга етиши лозимлиги қайд этилган.
