Россия ва Украина ўртасидаги тўғридан-тўғри музокаралар ниҳоят Туркияда бўладими?

Туркия Украина ва Россия ўртасида Қора денгиздаги хавфсизлик масалаларини ўз ичига олувчи, потенциал оташкесим билан боғлиқ бўлган биринчи тўғридан-тўғри музокараларга мезбонлик қилиши мумкин.
Туркия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, йиғилиш 16-17 апрел кунлари Анқарадаги Ҳарбий-денгиз кучлари бош қароргоҳида хорижий давлатлар ҳарбий вакиллари иштирокида бўлиб ўтади.
"15-16 апрел кунлари Туркия Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондонлиги қароргоҳида Россия ва Украина ўртасида мумкин бўлган ўт очишни тўхтатиш бўйича Қора денгиздаги хавфсизлик масалалари бўйича йиғилиш бўлиб ўтади. Унда хорижий давлатларнинг ҳарбий вакиллари иштирок этади ва Қора денгизда тинчликни сақлаш бўйича ҳарбий режалаштиришнинг денгиз жиҳати муҳокама қилинади”, — дейилади расмий хабарда.
Департамент таркибга аниқлик киритмади, бироқ CNN Türk Туркия Мудофаа вазирлигидаги манбаларига таяниб, учрашувда Киев ва Москва вакиллари иштирок этишини ёзди. Учрашувдан кўзланган мақсад минтақада барқарор вазиятни таъминлаш масалаларини муҳокама қилишдан иборат. Ҳозирча на Россия, на Украина иштирокини расман тасдиқлагани йўқ.
Анқара 2022-йил февралида бошланган урушни тугатиш бўйича дипломатик саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этишда давом этмоқда. Туркия музокаралар учун воситачи ва платформа сифатида бир неча бор ўз хизматларини таклиф қилган. Россия ва Украина ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари ўртасида биринчи тўғридан-тўғри музокаралар айнан Туркияда 2022-йилнинг март ойида бўлиб ўтган эди.
Ушбу ташаббус натижасида Украина донини Қора денгиз орқали экспорт қилиш имконини берувчи “дон келишуви”га эришилди. Бироқ, 2023 йил июл ойида Россия ўзининг қишлоқ хўжалиги экспортчиларига чекловлар қўйганини айтиб, келишувдан чиқди.
Ўтган ҳафтада Анталия дипломатик форумида Украина ташқи ишлар вазири Андрий Сибига адолатли тинчликка эришишда Туркия ва шахсан Президент Эрдўғaннинг ролини “бебаҳо” деб атади. У хавфсизлик ва иқтисодий соҳаларда Анқара билан ҳамкорликнинг муҳимлигини таъкидлади, шунингдек, Туркиянинг Қора денгиз дон ташаббуси орқали озиқ-овқат барқарорлигини таъминлашга қўшган ҳиссасини қайд этди ва Туркия компанияларининг мамлакатни қайта қуришда иштирок этишига умид билдирди.