Россия ва АҚШ Путин ва Трампнинг учрашуви борасида келишиб олди
Россия ва АҚШ яқин кунларда Владимир Путин ва Дональд Трамп ўртасидаги учрашув бўйича келишиб олди, деди Президент ёрдамчиси Юрий Ушаков.
“Америка томонининг таклифига кўра, умуман олганда яқин кунларда олий даражадаги икки томонлама учрашув, яъни Президент Владимир Путин ва Дональд Трамп ўртасидаги учрашув ўтказиш бўйича келишувга эришилди”, деди у.
Унинг сўзларига кўра, томонлар саммит устида ишлашни бошлаган, келаси ҳафта мўлжал қилинмоқда, аммо тайёргарлик қанча кун давом этишини айтиш қийин. Учрашув жойи келишиб олинди ва кейинроқ эълон қилинади.
Оқ уйнинг махсус элчиси Стивен Уиткофф чоршанба куни Президентлар ва Владимир Зеленский ўртасида уч томонлама учрашув ўтказиш ғоясига тўхталди, бироқ Москва буни изоҳсиз қолдирди, деди Президент ёрдамчиси.
“Биз асосий эътиборни Трамп билан икки томонлама учрашувга тайёргарлик кўришга қаратишни таклиф қиламиз ва асосийси бу учрашув муваффақиятли ва самарали бўлади, деб ҳисоблаймиз”, деди Ушаков.
Унинг қўшимча қилишича, Путин ва Уиткофф ўртасидаги учрашув конструктив бўлган, Украина инқирозини ҳал қилиш бўйича кейинги ҳамкорликдаги ишлар муҳокама қилинган, Россия унинг натижалари ҳақида дўстлари ва ҳамкорларини хабардор қилади.
Уиткоффнинг Москвага ташрифи
Чоршанба куни Путин Кремлда Америка вакилини қабул қилди, суҳбат уч соатдан ортиқ давом этди. Бу дипломатнинг йил бошидан бери Россияга бешинчи ташрифидир.
Ушаков таъкидлаганидек, Уиткофф орқали икки давлат раҳбарлари Украина бўйича “сигнал” алмашган, Москва ва Вашингтон ўртасидаги стратегик ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинган.
Кейинчалик Трамп томонлар учрашувда катта ютуқларга эришганини айтди. У музокараларни юқори самарали деб атади ва яқин кунлар ва ҳафталарда ҳарбий ҳаракатларга барҳам бериш устида ишлаш ниятида эканини қўшимча қилди, деб хабар берди ria.ru.
