Рақобат қўмитаси "Jo‘rabek" корхонасига жарима қўллади
Биологик фаол қўшимча рекламасида қонунчилик талабларини бузилганлиги учун “JO‘RABEK” хусусий корхонасига нисбатан молиявий жарима қўлланилди.
Рақобат қўмитаси томонидан “JO‘RABEK” хусусий корхонаси томонидан ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган “Orthomol” биологик фаол қўшимчаси рекламаси юзасидан белгиланган тартибда ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганишлар натижасида мазкур реклама материалларини жойлаштириш (тарқатиш) жараёнида амалдаги реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилмагани, хусусан, маҳсулот ҳақида тўлиқ ва қонуний маълумотлар берилмагани аниқланди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг “Реклама тўғрисида”ги Қонуни 35-моддасига мувофиқ, овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ҳамда озиқ-овқат қўшимчаларини рекламасига нисбатан қатор мажбурий талаблар белгиланган.
Жумладан, бундай реклама:
Улар дори воситалари ҳисобланади ва (ёки) даволаш хоссаларига эга деган таассуротни уйғотмаслиги;
Уларни қўллаш натижасида одамлар даволанганлигига, уларнинг аҳволи яхшиланганлигига доир муайян ҳолларга ҳаволаларни ўз ичига олмаслиги;
Уларнинг қўлланилганлиги муносабати билан жисмоний шахслар томонидан билдирилган миннатдорчилик изҳорини ўз ичига олмаслиги;
Соғлом овқатланишни рад этишга ундамаслиги;
Овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчаларнинг ва озиқ-овқат қўшимчаларининг тадқиқотлар ўтказилганлиги, давлат рўйхатига олинганлиги тўғрисидаги фактларга ҳаволалар қилиш, шунингдек бошқа тадқиқотлар натижаларидан уларни қўллаш учун тўғридан-тўғри тавсия шаклида фойдаланиш орқали дори воситаларига нисбатан афзалликлари ҳақидаги таассуротни юзага келтирмаслиги;
Вояга етмаганлар олиши ёки истеъмол қилиши тақиқланган овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламасида болалар тасвиридан фойдаланилмаслиги керак.
Овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламаси ҳар бир ҳолда реклама объекти дори воситаси эмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш билан бирга берилиши керак.
Овқатга қўшиладиган биологик фаол қўшимчалар ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламаси бўйича рағбатлантирувчи акциялар ўтказиш тақиқланади.
Юқоридаги ҳолатларга мувофиқ, Қўмита Махсус комиссияси томонидан “Реклама тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиши аломатлари билан “JO‘RABEK” ХКга нисбатан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари юзасидан молиявий жарима қўллаш юзасидан қарор қабул қилинди.
Шунингдек, аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик юасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатма берилди.
