Қозоғистон мудофаа вазири ҳарбий омборлардаги портлашдан кейин истеъфога чиқди

Қозоғистон мудофаа вазири ҳарбий омборлардаги портлашдан кейин истеъфога чиқди

Қозоғистон жанубидаги ҳарбий қисм ҳудудида содир бўлган портлашлардан сўнг мамлакат мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев истеъфога чиқишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизматига таяниб, Tengrinews хабар берди.

Вазирлик хабарида таъкидланишича, истеъфо тўғрисидаги қарорни мамлакат ҳукумати қабул қилади. Ҳозир барча кучлар воқеа оқибатларини бартараф этишга қаратилган.

Вазирнинг ўзи маълум қилишича, «портлашлар эълон қилинган биринчи дақиқадаёқ у истеъфога чиқишга қарор қилган». «Ҳозир менинг асосий вазифам — ушбу ҳодиса оқибатларини бартараф этиш», — деди у.

Республика Мудофаа вазирлиги матбуот хизматига кўра, вазир «ҳозирда оқибатларни тугатиш ташвишида, унинг учун барча оқибатларини бартараф этиш муҳим». «Шундан кейин у истеъфога чиқишга тайёр», — дейилади хабарда.

Ермекбаев 2018 йилнинг август ойида Қозоғистон Мудофаа вазирлигини бошқаришга киришган. Бунгача у икки йил 2014 йилдан 2016 йилгача Қозоғистон дин ишлари ва фуқаролик жамияти вазири, 2018 йил апрелдан августгача президент ёрдамчиси — мамлакат хавфсизлик кенгаши котиби лавозимларида ишлаган.

26 август куни Қозоғистоннинг Жамбил вилоятидаги ўқ-дорилар омборларида портлашлар содир бўлди. Ҳодиса портлаш оқибатида беш аскар ҳалок бўлди, жароҳатланганлар сони 90 кишига етди.

Ҳарбий омборлар ҳудудида 500 тоннадан ортиқ тротил (портловчи модда) сақланарди. Ҳарбий қисмда ёнғин давом этмоқда, 1,2 мингга яқин одам эвакуация қилинди. Расмийлар ҳодиса сабаби сифатида қасддан ўт қўйиш версиясини истисно қилмаяпти.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!